ЎзА Ўзбек

07.02.2020 Чоп этиш версияси

Энди сайёҳлик объектларининг иш сифатини онлайн баҳолаш мумкин

Энди сайёҳлик объектларининг иш сифатини онлайн баҳолаш мумкин

Туризм объектларида маҳаллий ва хорижий сайёҳларга тақдим этиладиган хизматлар сифатини ошириш ва уни баҳолаш мақсадида “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” Давлат унитар корхонаси томонидан “QR-сўровнома” лойиҳаси йўлга қўйилди, дейилади Туризмни Ривожлантириш давлат қўмитаси хабарида.

photo5325833054645758852.jpg


Марказ томонидан сертификатлаштириш жараёнини соддалаштириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, соҳага оид янги давлат стандартларини ишлаб чиқиш ва мавжудларини мукаммаллаштириш, шунингдек ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, ўзаро тезкор ва қулай ахборот алмашинуви учун бугунги кунда имкониятларни кенгайтирувчи QR технологиялар шулар жумласидандир.

“QR-сўровнома“ – туристик индустрия объектларининг ишини баҳолашнинг қулай усули бўлиб туристик индустрия объектларида саёҳатчиларга тақдим этиладиган хизматлар сифати тўғрисида туристларнинг фикрини аниқлашга имкон беради. Булар: меҳмонхоналар, хостеллар, аэропортлар, темир йўл ва автобус вокзаллари, ресторанлар, кафе, меъморий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар, музейлар, театрлар, тоғ чанғиси трассалари ва бошқалардир. Сўровнома шунингдек туроператорлар, гидлар ва таржимонларнинг хизматини баҳолаш имкониятини ҳам беради.

Сайёҳ махсус ахборот стикерида акс эттирилган QR-кодни сканерлаш учун мобиль иловадан фойдаланган ҳолда тақдим этилаётган хизматлар сифатини онлайн баҳолаши мумкин.

Ўз смартфони ёки планшетидаги махсус илова ёрдамида сайёҳ стикерда жойлаштирилган QR – кодни ўқий олади. QR-код сканерлангандан кейин мобиль қурилма марказ веб-сайтидаги сўровномага ҳаволани олади.
Агар QR-кодни сканерлаш учун зарур илова бўлмаса стикерда кўрсатиб ўтилган ҳавола бўйича ҳам сўровномага ўтиш мумкин.

Сўровнома билан ишлашдан олдин сайёҳ уни тўлдириш учун ўзбек, инглиз ёки рус тилларидан бирини танлаб олиши зарур. Кейин ўзи хизматларини баҳоламоқчи бўлган туристик объект турини танлаши лозим.

Лойиҳанинг биринчи босқичида ахборот стикерлари республикамизнинг жойлаштириш воситаларида жойлаштирилади.
QR-сўровнома натижаларининг мониторинги ҳар куни олиб борилади, бу эса муаммоли ҳолатларга тез жавоб бериш ва сайёҳларга хизмат кўрсатишда аниқланган камчиликларни мунтазам бартараф этишга имкон беради.

11 372
ЎзА