ЎзА Ўзбек

01.08.2019 12:28 Чоп этиш версияси

Эмин Атасой: ўзбекистонлик докторантларни юртимизга таклиф қилмоқчимиз

Эмин Атасой: ўзбекистонлик докторантларни юртимизга таклиф қилмоқчимиз

Аввал хабар қилганимиздек, 1-3 август кунлари Қашқадарё вилоятида биринчи халқаро Геотуризм форуми бўлиб ўтади. Айни вақтда форум иштирокчилари “Afrosiyob” тезюрар поездида Қашқадарё вилоятига йўл олди. 15 дан зиёд мамлакатдан келган вакилларни Ўзбекистон табиати, унинг ноёб ҳудудлари ҳақидаги фикрлари билан йўл-йўлакай қизиқдик.

photo5339385480350902980.jpg– Геотуризм форумида ўз маърузам билан иштирок этаман, – дейди индонезиялик профессор Илҳом Алимиддин. – Гарчи соҳам геология бўлса-да, туризм соҳаси билан ҳам жуда қизиқаман. Бизда геотуризм экотуризм ва илмий туризмни бир бўлаги сифатида фаолият юритади. Гарчи бизда геотуризм ривожига яқиндан эътибор қаратилган бўлса-да, ҳозирда тўртта йирик геопарк мавжуд. Улар ЮНЕСКОнинг рўйхатига киритилган. Тадбир давомида Китоб давлат геология қўриқхонаси билан танишиб, бу ерда ҳам геотуризм маскани ташкил этилиши ва уни ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши борасида тавсияларимизни бермоқчимиз.

photo5339385480350902981.jpg– Биз миллий телеканалимизда ушбу тадбирни кенг ёритиш мақсадида келдик, – дейди Индонезия миллий телеканали мухбири Ардианто Вижая. – Шунингдек, тадбир тафсилотларидан ташқари Ўзбекистон таомлари, табиати, инсонлари, маданияти ва туризм масканлари ҳақида махсус туркум кўрсатувлар тайёрлаймиз.

Делегациямиз, етти нафар иштирокчидан иборат. Уларнинг орасида университет ректорлари, профессор-олимлар бор. Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон ҳақида кўп ҳам билишмайди. Биз тайёрлайдиган телемаҳсулотлар юртингиз тарғиботида муносиб хизмат қилади.

photo5339385480350902982 (4).jpg– Ўзбекистонга илк маротаба келишим, – дейди туркиялик вакил Эмин Атасой. – Агар иложи бўлса, Самарқанддаги университет билан талаба ва мутахассислар алмашинуви борасида меморандум имзоламоқчимиз. Биз бу борада Олмаота билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Энди ўзбекистонлик докторантларни ҳам юртимизга таклиф қилмоқчимиз. Ўзбекистондаги қадимий ҳудудларни ўз кўзим билан кўриш мақсадида келдим. Илк таассуротларим жуда яхши. Туркияда ҳам геопарклар мавжуд. Бу борада тажриба алмашишга тайёрмиз.

Форум давомида тадбир иштирокчилари Шаҳрисабз бўйлаб саёҳат, Китоб кенглик станцияси ҳақидаги маълумотлар ҳамда Китоб давлат геология қўриқхонаси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Сайёра ШОЕВА, ЎзА
5 346