ЎзА Ўзбек

02.11.2012 18:44 Чоп этиш версияси

Экологик туризм истиқболлари

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Ўзбекистонда экологик туризмни ривожлантириш истиқболлари” мавзуида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда миллий ва хорижий сайёҳлик фирма ҳамда компанияларининг юздан ортиқ вакиллари, экотуризм соҳасида фаолият юритаётган олимлар ҳамда мутахассислар иштирок этди.

Анжуманда истиқлол йилларида Ўзбекистонда инсоннинг табиат ва жамиятга нисбатан муносабатини уйғунлаштириш, экологик барқарорликка эришиш ва аҳолининг экологик маданиятини оширишга доир улкан ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Бунинг натижасида мамлакатимизда экологик туризм истиқболли ва ривожланиб бораётган соҳага айланмоқда. Бу жараёнда соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий база янада такомиллаштириб борилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 10 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори туризм соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, экологик туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ҳужжат туризм ва унинг инфратузилмасини янада ривожлантириш, миллий сайёҳлик хизматларини халқаро бозорларга таклиф этиш имконини кенгайтирмоқда.

– Айни пайтда Ўзбекистонда ўнлаб сайёҳлик фирма ва компаниялари, қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати раиси Б.Алихонов. – Шу билан бирга, экотуризмни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар ҳам кўп. Туризм соҳасида илм-фан ва амалиётнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, хорижий тажриба асосида унинг инфратузилмасини такомиллаштириш, экотуризм соҳасида хизмат кўрсатишни жаҳон стандартлари даражасига кўтариш устувор вазифалар ҳисобланади.

– Ўзбекистон экологик туризмни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга, – дейди Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг маданият ва ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон институти директори Оливье Гийом. – Ўзбекистон франциялик сайёҳлар учун катта қизиқиш уйғотмоқда ва ҳар йили 15 минг нафардан ортиқ сайёҳлар халқингизнинг бетакрор маданияти ва қадимий меъморчилик намуналари билан танишиш учун юртингизга ташриф буюрмоқда.

Тадбирда Индонезия, Украина, Германия, Франция ва Озарбойжон каби давлатларда экотуризмни ривожлантириш тажрибаси тўғрисида мутахассисларнинг маърузалари тингланди. Ўзбекистонда “Буюк ипак йўли” бўйича экотуризм йўналишини ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.


ЎзА, Роман Бондарчук
9 028