ЎзА Ўзбек

18.04.2013 19:55 Чоп этиш версияси

“Дам олиш дунёси” халқаро сайёҳлик кўргазмаси

“Ўзэкспомарказ” павильонларида 18 апрель куни “Дам олиш дунёси” биринчи халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси (UITF–2013) очилди.

Анжуман “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк Ипак йўли” реклама агентлиги томонидан Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО), Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди. Тадбирнинг очилишида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, дипломатик корпус, меҳмонхоналар вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этди.

Анжуманда “Ўзбектуризм” миллий компанияси раиси Ф.Ризаев мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида сайёҳлик соҳасини жадал ривожлантириш, юртимизга келаётган чет эллик сайёҳлар оқимини янада кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон ўзининг қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати ва файзли гўшалари билан сайёҳларни ўзига ром этмоқда. Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий жойлар кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Мамлакатимизда тўрт мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва барқарорлик, жамиятдаги ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити, ўзбекона меҳмондўстлик мамлакатимизга келаётган сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилмоқда. 2012 йилда мамлакатимизга келган сайёҳлар сони 2011 йилдагига нисбатан 17,5 фоиз ошган.

Хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани ҳамда мамлакатимизда ички туризм юқори суръатлар билан ривожланаётганини инобатга олган ҳолда “Дам олиш дунёси” биринчи халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма Ўзбекистонда баҳор-ёз сайёҳлик мавсумини очиб берадиган янги лойиҳа бўлиб, юртимизда туризмни ривожлантириш, хорижлик сайёҳларни қабул қилиш, мамлакатимиз фуқароларини хорижий давлатларга саёҳатини ташкил этиш ҳамда ички туризмни тараққий эттириш масалаларига қаратилган.

UITF – 2013 кўргазмасидан асосий мақсад маҳаллий ва хорижий туроператорлар ҳамда мамлакатимиз ҳудудларида фаолият юритаётган кичик туристик бюролар ва агентликларга янги сайёҳлик мавсумида ўз туристик маҳсулоти бўйича таклифларни илгари суришига ёрдамлашиш, хорижий ва маҳаллий корпоратив мижозлар билан шартномалар тузиш, туризм бозорида таътил мавсумига оид стратегик режалар ишлаб чиқиш учун имконият яратишдан иборат.

Ўзбекистон халқаро сайёҳлик кўргазмасида мамлакатимиздан ташқари, Хитой, Испания, Швейцария, Хорватия, Мальдив ороллари, БАА, Миср, Туркия, Россия, Украина, Тайланд каби кўплаб давлатлар вакиллари иштирок этмоқда.

– Компаниямиз қатор хорижий сайёҳлик фирмалари, жумладан, Ўзбекистоннинг “Aznur Travel” компанияси билан фаол ва самарали ҳамкорлик қилиб келаётир, – дейди Испаниянинг “Lux and Fun” компанияси бош менежери Хавьер Арбид. – Ўзбекистонда сайёҳларнинг мароқли хордиқ чиқариши учун барча омиллар мавжуд. Ўзбекистонда ташкил этилган мазкур сайёҳлик кўргазмасида Испаниянинг туристик салоҳиятини намойиш этиб, диёримизга ўзбекистонлик сайёҳларни жалб этиш ва бу борада мамлакатингиз сайёҳлик фирма ва компаниялари билан фаол ҳамкорлик қилмоқчимиз.

Президентимизнинг жорий йилда қабул қилинган “Хоразм вилоятида 2013-2015 йилларда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорида вилоят сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланишни янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг ҳудуддаги ноёб тарихий-маданий ва меъморий ёдгорликлар билан кенг қамровда танишиши учун янада қулай шароит яратиш юзасидан зарур вазифалар белгиланган. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш ва вилоят сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида "Дам олиш дунёси" сайёҳлик кўргазмасида Хоразм вилоятининг туристик имкониятларига бағишланган экспозиция ҳам намойиш этилмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори вилоятимиз сайёҳлик салоҳиятини янада кенгроқ ишга солишга, Хоразмда сайёҳликни жадал тараққий эттириш орқали хорижий ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб этишга хизмат қилаётир, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компанияси Хоразм вилояти минтақавий бўлими бошқарувчиси Одилбек Раҳимов. – Дастур туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлик иншоотларини барпо этиш ва реконструкция қилиш, сайёҳликнинг транспорт инфратузилмасини тараққий эттириш, ҳудуддаги туристик маршрутлар ва хизматларни такомиллаштириш, сайёҳликнинг янги йўналишларини, маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқишни ўз ичига олади.

Биринчи халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмасида хорижнинг нуфузли халқаро сайёҳлик фирмалари, миллий сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар вакиллари мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва таклиф этилаётган хизматлар, мафтункор табиат ва тарихий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари, фотоэкспозициялар, экотуризм ва спорт туризми, авиатранспорт, меҳмонхона, суғурта ва банк хизматлари, миллий ва ҳудудий сайёҳлик ташкилотлари, сайёҳлик операторлари ва агентлари фаолиятига оид кўплаб маълумот ва адабиётлар билан танишмоқда.

UITF – 2013 кўргазмаси барча замонавий йўналишларни ўзида мужассам этган. Унда, хусусан, ички ва ташқи туризм, фаол ва саргузашт туризми, илмий ва соғломлаштириш туризми, сайёҳлик маъмуриятлари ва миллий офислар, туристик агентликлар ва туроператорлар, отеллар, санаторий-курорт мажмуалари, дам олиш масканлари, транспорт ва суғурта компаниялари, онлайн бронлаштириш тизимлари каби бўлимлар ишлаб турибди .
Ушбу халқаро сайёҳлик кўргазмаси жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг сайёҳлик борасидаги улкан салоҳияти билан кенг таништириш ва хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ички туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Икки кун давом этадиган кўргазма доирасида мамлакатимизга сайёҳларни янада кенгроқ жалб қилиш борасида чет эллик мутахассислар билан ўзаро фикр ва мулоҳаза алмашилади ва ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади. Хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланади.

Кўргазманинг биринчи иш кунида ЮНВТОнинг “Гастрономик туризм – жаҳон сайёҳлик салоҳиятида янги истиқболли йўналиш” мавзуидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Гастрономик туризм пазандачилик билан боғлиқ барча туристик фаолият турлари, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар, гастрономик фестиваллар, озиқ-овқат ярмаркалари ва бу борада тажриба орттиришга хизмат қилувчи саёҳатлар мажмуидан иборатдир. Семинарда мамлакатимизда гастрономик туризмни ривожлантириш истиқболлари юқори экани таъкидланди. Бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Кўргазма доирасида шунингдек, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан “Қуйи-Амударё давлат биосфера резервати мисолида Ўзбекистонда туризм ва табиатдан фойдаланишнинг янги модели” мавзусида давра суҳбати ҳам ташкил этилди.

Кўргазманинг иккинчи кунида “Ош байрами” ўзбек палови фестивали ва ушбу таомни тайёрлаш бўйича мастер-класс ўтказилади.


ЎзА, Ирода Умарова, Аъло Абдуллаев (сурат)
12 907