ЎзА Ўзбек

25.01.2017 14:29 Чоп этиш версияси

Бухорода туризм соҳаси учун кадрлар тайёрланади

Бухоро давлат университетида туризм факультети очилди.

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган ўрта муддатли истиқболда туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсадли ва устувор йўналишларида тармоқ учун, айниқса, менежмент ва маркетинг соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш масаласи ҳам илгари сурилган эди. Факультет ана шу вазифалар ечимига қаратилган тадбирлар доирасида очилди.

– Бизда асосан туризм, хизматлар ҳамда меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш йўналишларида бакалавр ҳамда туризм соҳаси бўйича магистр кадрлар тайёрланади, – дейди факультет декани Аброр Жўраев. – Моддий-техник салоҳиятимиз етарли. Мутахассис кадрлар вилоятдаги турфирмалар, меҳмонхона хўжаликлари эҳтиёжига қараб тайёрланади. Албатта, бу борада халқаро ҳамкорликни янада кенгайтирамиз. Яқинда 5 нафар талабамиз таълимни давом эттириш, бир гуруҳ ўқитувчилар малака ошириш учун Италия, Испания, Руминиядаги тегишли университетларга жўнаб кетади. Университетимизда туризм соҳасига доир илмий изланишлар олиб борилаётир. Олимларимизнинг инновацион ишланмаларини амалиётга жорий этиш учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорлик қиламиз.

Факультет базасида туризм соҳаси субъектларида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Бухоро қадимий меъморчилик обидаларига бой. Айни пайтда бу ерда анъанавий маданий-тарихий туризм билан бир қаторда сайёҳликнинг экологик, спорт, даволаш-соғломлаштириш каби қатор турларини ривожлантириш борасида катта имкониятлар мавжуд. Бундан самарали фойдаланиш мақсадида Бухоро шаҳрида туристик эркин иқтисодий ҳудуд ташкил этиш ғояси илгари сурилмоқда.

Факультетда, шунингдек, иқтисодиёт, тасвирий ва амалий санъат йўналишларида ҳам мутахассислар тайёрланади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
11 395