ЎзА Ўзбек

21.02.2019 17:45 Чоп этиш версияси

Бухорода бешта тоқи бўлган, шундан учтаси омон қолган

Бухорода бешта тоқи бўлган, шундан учтаси омон қолган

Форум доирасида иштирокчилар Шофиркон, Ромитон, Вобкент, Когон туманларида жойлашган қадамжоларни зиёрат қилишда давом этмоқда.

Айни вақтда Тоқи заргарон бўйлаб кетяпмиз.

— Заргарлар тоқиси, яъни савдо растаси – дея тушунтиради гид. – Бухорода бешта тоқи бўлган, шундан учтаси омон қолган, булар – Тоқи саррофон, пул майдаловчи, айирбош қилувчилар, Тоқи телпакфурушон, бош кийим билан савдо қилувчилар ва мана шу Тоқи заргарон.

– Биз Япония, Корея ва Гонконгда яшайдиган мусулмон эътиқодига мансуб бўлган инсонларни Ҳаж ва Умра зиёратига юбориш билан шуғулланамиз, – дейди “Air I travel Korea” компанияси президенти Реда Кенави. – Ҳар йили кўплаб инсонларни Ҳажга ҳамда Умрага юборамиз. Бугун юртингизда жуда қадимий қадамжолар, азиз авлиёларнинг хоки борлигини ўз кўзим билан кўрдим. Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида билмасдим. Мисрда таҳсил олиш даврида нақшбандия тариқати ҳақида эшитган, ўқиган эдик. Лекин у қаерда ривожланган, пайдо бўлгани ҳақида маълумотга эга эмасдик.

Форум иштирокчилари зиёрат-туризмнинг бошқа объектлари – Мир Араб мадрасаси, Масжиди Калон, Минори калон, яъни Пойи Калон мажмуасида ҳам бўлишди.

Шу ўринда Масжиди Калон Туронзаминда барпо этилган биринчи Ислом ибодатхонаси бўлиб, 770-771 йилларда қурилгани билан меҳмонлар эътиборини тортди.

Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий бир неча ўн йиллик хориж сафаридан қайтиб келиб, Масжиди Калонда маъруза қилганларида бир вақтнинг ўзида ўн мингга яқин одам сабоқ олар экан. Исмоил Сомоний амирлиги даврида масжид шу қадар кенгайиб кетадики, юз минг одам бемалол намоз ўқиши мумкин бўлади. 1068 йилда жомеда ёнғин чиқади ва бир асрдан зиёдроқ давр мобайнида масжид қаровсиз қолиб, 1121-1122 йилларда қайтадан тикланади. Бироқ, мўғуллар босқинида яна вайронага айланган масжид темурийлар даврида қайта тикланади.

– Бухоро шаҳридаги ёдгорликлар, тор кўчаларини кезганда ажиб қадимийликни ҳис қиласиз, кўнгилда ажойиб таассуротлар уйғонади, – дейди Кўнья шаҳри муфтийси Аҳмет Пўчонўғлу. – Айниқса, дунёга машҳур тарихий обидалар, энг қадимий ва чиройли ёдгорликлар мени ўзига мафтун этди. Ахир, Бухоро ислом маданиятида Маккаи Мадинадан сўнг энг муқаддас шаҳар ҳисобланади. Шунинг учун ислом олами юртингиз томон талпинади. Ўзбекистон биз учун ҳам жуда қадрли мамлакат. Шу боис бизнинг ҳаяжонимизни тушунасизлар деган фикрданман. Бизда айниқса, Нақшбандия таълимотига бўлган қизиқиш, унинг хоки пойни зиёрат қилиш истаги ғоятда катта.

Сайёра Шоева, ЎзА
5 681