ЎзА Ўзбек

06.10.2014 20:02 Чоп этиш версияси

Бой ўтмиш ва бебаҳо маданий меросга эга Ўзбекистоннинг келажаги буюк

Самарқанд шаҳрида 1-3 октябрь кунлари БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси бўлиб ўтди.

ЎзА мухбирлари халқаро форум иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари билан таништиришда давом этади.

Нобуюки Ота, Япония инфратузилма, транспорт ва сайёҳлик вазирлигининг департамент директори ўринбосари:

– Президент Ислом Каримовнинг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси очилиш маросимидаги нутқидан ғоят таъсирландим. Унда Ўзбекистонда ва жаҳонда сайёҳликнинг тараққиёти, мазкур соҳанинг халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдаги ўрни, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини оширишга кўрсатилаётган эътибор каби кўплаб долзарб масалалар аниқ мисоллар асосида таъсирчан баён қилинди.

Ўзбекистонда тарихий обидалар жуда кўп. Шунинг ўзиёқ мамлакатингизнинг бой маданий ва маънавий тарихи узоқ ўтмишга эга эканининг исботидир. Регистон мажмуаси ҳамда меҳмондўст ва очиқкўнгил одамларингиз қалбимдан чуқур жой олди. Тошкент, Самарқанд ва Бухоронинг гўзал табиати, боғу роғлари, серфайз хиёбон ва сайлгоҳларини томоша қилиб, ҳузурландим.

Нико Барито, Сейшел оролларининг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотидаги махсус вакили:

– БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессиясини юксак савияда ўтказиш учун Ўзбекистон томонидан амалга оширилган улкан ишлар барча меҳмонларда катта мамнуният уйғотди. Мамлакатингизда кўплаб соҳалар қатори сайёҳлик йўналишида иш юритувчилар учун эркин ва ғоят қулай шароит яратилгани, уларнинг ўз фаолиятини олиб бориши йўлида барча имкониятлар очиб берилгани таҳсинга сазовор.

Ўзбекистон шаҳарлари дунё сайёҳлари учун энг қулай ва мақбул. Юртингизнинг музей ва галереялари, замонавий меҳмонхоналари, юқори сифатли хизмат кўрсатувчи ресторанлар ва бошқа кўплаб дам олиш масканлари бизга жуда манзур бўлди. Мамлакатингизнинг барча ҳудудларида сайёҳлик жадал ривожланаётгани, сайёҳларнинг мароқли дам олиши учун қулайликлар яратилаётгани диққатга молик.

Аждодларингизнинг бой меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, маданий ёдгорликларни таъмирлаш ва асраб-авайлаш, таълим, фан ва маданият соҳаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самараларини бераётганини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиш мумкин.

Масуд Маннан, Бангладешнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Самарқанддаги халқаро анжуман муваффақиятли ўтгани билан барчани қувонтирди. Сессиянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг маърузаси анжуман ишига чуқур мазмун бахш этди.

Давлатингиз раҳбарининг бугунги кунда халқаро туризм ўрта синф учун дам олишнинг кенг тарқалган турига айланиб бормоқда, деган сўзларига тўлиқ қўшиламан. Дарҳақиқат, Президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, қайси мамлакатда ўрта синф қатлами қанча кўп ва кенг бўлса, унинг сайёҳлик салоҳияти ҳам шунчалик юқори бўлади. Ўрта синфга мансуб одамларнинг жуда ҳаракатчан ва тадбиркор бўлиши, уларнинг янгиликларни излаб яшашга, ўз қобилияти ва имкониятларини амалга оширишга интилиши муҳим ўрин тутади.

Габриэлла Доминго, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти вакили (Испания):

– Самарқанддаги маданий ёдгорликларни томоша қилиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, бир олам завқ олдик. Шаҳарнинг мусаффо табиати, самимий ва меҳмондўст кишилари мени бутунлай ўзига мафтун этди. Айниқса, Амир Темур мақбараси менда ўзгача таассурот қолдирди. Темурийлар даврида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари барча замонлар учун бирдай ибратлидир. Бу маҳобатли иншоотлар халқингиз ақл-заковати, тафаккурининг маҳсули сифатида ҳамон дунёни ҳайратга солиб келмоқда. Ана шундай буюк мерос ворисларининг ўз аждодларига кўрсатаётган эҳтироми ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Ўзбекистон бозорлари тўкин-сочин, хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилган. Бу мамлакатингизда сайёҳликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир.

Нодира Манзурова, Ирода Умарова, ЎзА
12 710