ЎзА Ўзбек

19.02.2019 20:00 Чоп этиш версияси

Биринчи халқаро Зиёрат туризми форумини жаҳондаги етакчи ОАВ ёритиб боради

Биринчи халқаро Зиёрат туризми форумини жаҳондаги етакчи ОАВ ёритиб боради

Жорий йилнинг 21 - 23 февраль кунлари Бухоро ва Самарқандда зиёрат туризми бўйича биринчи Халқаро Форум бўлиб ўтади. Унда ислом дунёсидаги муҳим халқаро ташкилотлар, ихтисослашган ташкилотлар, университетлар, дин уламолари, илмий - академик доиралар, зиёрат туризми соҳасидаги сайёҳлик компаниялари иштирок этишади.

Режалаштирилган тадбир ҳақидаги хабар жаҳон ҳамжамиятида кенг шов-шувга сабаб бўлди. Форумни ёритиш учун Европа ва Осиёнинг йирик телеканаллари – "Euronews​"​ (Франция) ва Ал Жазера (Қатар), “Ал-Аҳрам ал-Иқтисади” (Миср) журнали ва "Diplomatic News​" (Покистон), “Коммерсант” (Россия), “Ал-Важхат” (Уммон) ва Ал Ҳаят (Саудия) газеталари вакиллари ташриф буюришади.

МАЪЛУМОТ УЧУН. "Euronews​" – саккиз тилда дунёда бўлаётган воқеа ҳодисаларнинг видеолавҳаларини бирлаштирувчи оммавий ахборот воситаси ҳисобланиб, Европанинг 24 соат давомийликда фаолият олиб борадиган етакчи ахборот каналидир.

1993 йилда асос солинган телеканал Европа нуқтаи назари бўйича долзарб бўлган дунё воқеаларини тезкорлик билан ёритиб боради. Кабель, сунъий йўлдош ҳамда эфирли узатиш орқали "Euronews​"​ дунёнинг 130 мамлакатида 199 миллиондан ортиқ хонадонларни қамраб олади.

ЎзА
7 869