ЎзА Ўзбек

30.05.2020 Чоп этиш версияси

Азиз АБДУҲАКИМОВ: Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб ички туризмни тикламоқда

Азиз АБДУҲАКИМОВ: Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб ички туризмни тикламоқда

Пандемия сабаб бутун дунё ўзгаришларга юз тутмоқда. Буни ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги эврилишларда ҳам кузатиш мумкин. Ўзбекистон ҳам шу сафда.

Бундай мураккаб вазиятда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар туфайли қатор соҳалар фаолиятини барқарорлаштиришга эришилмоқда. Масалан, бугунги кунда ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, бунёдкорлик сингари йўналишларда вазиятни юмшатишга муваффақ бўлинди.

Биргина туризм соҳасини олайлик. Кейинги уч йил ичида мамлакатимиз сайёҳлик соҳасида сезиларли ислоҳотлар амалга оширилди. Рақамлар таҳлилига кўра, шу вақт мобайнида сайёҳлар оқими 5 бараварга кўпайиб, йиллик кўрсаткич 6,7 миллионни ташкил этди. 2019 йилда экспорт тушумлари ҳам 4 бараварга ортиб, 1 миллиард 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағга етган эди.

photo_2020-05-30_15-47-42.jpg

Минг афсуски, коронавирус балоси сайёҳлик йўналишига ўзининг сезиларли салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Жорий йилнинг 16 мартидан Ўзбекистон ташқи ва ички сайёҳлар учун ёпилди. Бунинг оқибатида 1,5 мингдан ортиқ туроператор, қарийб 1,2 минг меҳмонхона фаолияти тўхтатилди. Бунинг салбий таъсири эса шу тизимда меҳнат қилаётган 250 мингдан ортиқ аҳоли даромадига зиён етказди.

Бироқ ҳаёт давом этади. Инсоният тарихида бундай кутилмаган бало-қазолар илгари ҳам кузатилган. Одамзод ақл-заковати билан бу каби офатларни енгиб келган. Коронавирус пандемиясига қарши курашда ҳам мутахассисларнинг шу кунгача орттирган тажрибаси ва замонавий тиббиёт ёрдамида секин-аста одатий ҳаётга қайтамиз. Фақат бу жараёнда вазиятни тўғри таҳлил қила олиш ва оқилона қарорлар чиқариш мушкулликни енгишга ёрдам беради.

Шундан келиб чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида туризм соҳаси барқарорлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 27 май куни туризм ва давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишуви ҳам соҳа ривожидаги янги имкониятлар билан боғлиқ. Пандемиянинг оқибатларини юмшатиш мақсадида бу соҳага ҳам қатор енгилликлар берилди. Жумладан, 1750 субъектга мол-мулк, ер ва ижтимоий солиқлардан 60 миллиард сўмга яқин имтиёз тақдим этилди, лекин бу имтиёз ва преференциялар вақтинчалик. Доимий барқарор ривожланиш учун пандемия шароитига мослашиб ишлашни ўрганиш керак.

Президентимизнинг 28 майдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони сайёҳлик соҳасида яна бир муҳим ҳужжат бўлиб, унда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва шу йўналишда меҳнат қилаётган тадбиркорларга имтиёзлар беришнинг ҳуқуқий асослари белгиланган.

Ушбу фармон билан Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб 1 июндан ички туризмни қайта тиклаш бўйича ўзининг тартиб-тамойилларини маълум қилди. Бунда туризм соҳаси субъектларининг белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда 1 июндан «яшил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудларда ички туризмни қайта йўлга қўйиши билан биргаликда ёндош ташкилотлар ҳам ўз фаолиятини бошлайди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасига киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхатини белгилаб олган ҳолда, ташқи туризмни босқичма-босқич қайта тиклаш режалаштирилган.

Фармонда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга енгилликлар бериш кўзда тутилган. 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкасини белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтириш, 2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилиши, 2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлашни тўхтатиш кабилар шулар жумласидандир.

Мазкур ҳужжатда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини қай тарзда тақсимлаш ҳам белгилаб қўйилди. Давлат томонидан субсидиялаш Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, яқин бир-икки йил ичида туризм соҳасини тиклаш, тадбиркорлар кўрган зарарни тўлиқ қоплашнинг имкони йўқ. Шу сабабли бу соҳага қўшимча имтиёз ва преференциялар тақдим этилади. Соҳа корхоналарига туристик йиғимлардан озод қилиш бўйича муқаддам берилган имтиёз йил якунига қадар узайтирилади. Корхоналар фойда солиғини ҳисоблашда 2020-2021 йилдаги кўрган зарарларни кейинги йиллар фойдасидан чегириб ташлашга рухсат берилади. Бундан ташқари, меҳмонхоналарга йил якунига қадар кўрсатиладиган хизматнинг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Уларга айланма маблағ учун берилган 1 миллиард сўмгача кредит фоиз тўловларининг 10 фоизигача бўлган қисмига субсидия тақдим этилади.

Ушбу фармон ижроси доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳам юртимиздаги пандемия шароитда соҳа фаолиятини тиклаш чораларини кўриш баробарида хорижий тажрибани ўрганди. Шу ўрганишлар асосида “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” («Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган») бренди остида сайёҳлар учун санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими ишлаб чиқилди.

Мазкур тизим беш асосий талабни ўз ичига жамлаган бўлиб, унда хавфсизлик чоралари туризм ва ёндош инфратузилма объектларида санитария-гигиеник хизмат кўрсатиш бўйича давлат стандарти ишлаб чиқилган ва санитария-эпидемиология назорати агентлиги билан келишилганлик, давлат тасарруфидаги талабларни мажбурий жорий қилиш, тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий сертификатлаш, жамоат ташкилотларида мониторинг бўйича ишчи гуруҳ шакллантириш ва тизим шартларидан иборатдир.

Масалан, тизим шарти бўйича тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий сертификатлашда меҳмонхоналар, хусусий маданият муассасалари, кафе, ресторанлар сайёҳлар ташриф буюрадиган кўнгилочар масканлар фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар қўмитаси қошидаги марказга ариза топширади. Берилган сертификат асосида Туризм қўмитасининг «Хавфсиз объектлар реестри»га киритилади. Шу тариқа тадбиркорлик субъекти сертификатни олади ва тизимнинг беш талаби бўйича фаолиятини бошлайди.

Албатта, тизимни татбиқ этиш босқичма-босқич жорий этилади. Бунда дастлаб «яшил» ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат беришга эътибор қаратилади. Бўстонлиқ, Хонобод, Водил, Зомин, Бахмал, Бойсун, Сариосиё, Китоб, Шаҳрисабз, Нурота, Сармишсой, Мўйноқ, Судоче, Ургутда енгил конструкцияли (палатка) дам олиш масканлари ташкил этилади. Иккинчи босқичда эса пандемия жиловланган давлатлар (Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлат) рўйхати шакллантирилиб, улар билан туризм алоқалари босқичма-босқич тикланади.

Шу билан бирга, туризм фаолиятини қайта тиклаш учун, энг аввало, меҳмонхоналар қандай ишлаши, туристлар аэропортда қандай қабул қилиниши, уларнинг мамлакат ичида ҳаракатланишини ташкил этишга доир масалалар белгиланган тартибга асосланади.

Ишлаб чиқилган тизим, албатта, пандемия шароитида мамлакатимиз туризм салоҳиятини қайта тиклаб олиш баробарида, соҳада меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Азиз АБДУҲАКИМОВ,

Бош вазир ўринбосари,

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси.

11 945
ЎзА