Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2017 14:54 Чоп этиш версияси

Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳияти: ютуқлар ва истиқбол

Қаршида “Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳияти: ютуқлар ва истиқбол” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Туризм олами” журнали ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, музей ва қўриқхоналар ходимлари, туристик фирмалар вакиллари, профессор-ўқитувчилар, журналистлар иштирок этди.

Мамлакатимизда туризм соҳасини иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг туризм салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қашқадарё замини ўзининг бой тарихи, қадимий осори-атиқалари, ўтмиш ёдгорликлари, бетакрор табиати билан соҳа ривожида муҳим ўрин тутади.

– Вилоятда бугунги кунда 1 минг 311 маданий мерос объекти рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 1 минг 41 таси археология, 200 таси архитектура, 43 таси ҳайкал ва 27 таси диққатга сазовор жойлардир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Акмалжон Умрзоқов. – Бу маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш билан бирга, уларда реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб бориш жуда муҳим. Айниқса, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Ғузор ва Қарши туманларида бу каби миллий меросимиз намуналари кўп. Ҳаракатлар стратегиясининг ўнга яқин банди туризмни ривожлантиришга бағишлангани, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида сўзлаган маърузасида белгиланган устувор вазифалар зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Масалан, халқаро аэропортнинг янги терминалини ишлаб чиқиш, туризм объектларига ташрифларни уюштиришда туристлар ва экскурсантларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, экотуризмни ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.

Тадбирда вилоятнинг бошқа туманларида ҳам сайёҳлик йўналишларини кўпайтириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, экотуризмни янада ривожлантириш, Муборак тумани чўлларига сафар уюштириш каби бир қатор лойиҳалар тақдим этилди. Туризмни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижроси таҳлил қилиниб, Қашқадарёнинг очилмаган туризм йўналишлари ва фойдаланилмаётган имкониятлар бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.

Вилоятдаги ҳар бир туманнинг туристик харитасини тузиш, экотуризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш, туризмни ривожлантириш йўналишида фаолият юритмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга имтиёзли кредит маблағи ажратиш, туристик фирмаларга лицензия бериш тартибини соддалаштириш, агротуризм, этнографик туризмни ривожлантириш, меҳмонхона ва сервис хизмати имкониятларини кенгайтириш, туристик маршрутлар ҳамда вилоят қўриқхоналарини жаҳон стандартлари даражасида такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
2 460






Все о погоде - Pogoda.uz