ЎзА Ўзбек

06.03.2019 18:50 Чоп этиш версияси

Андижонда туризм янада ривожланади

Андижонда туризм янада ривожланади

Ўзбекистон – сайёҳлик соҳасида улкан имкониятларга эга мамлакат. Туризм соҳаси янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис, кейинги йилларида мамлакатимизда бу соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туризм, айниқса, ички сайёҳлик хизматини ривожлантириш борасида Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

– Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим ҳужжат бўлди, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бахтимурод Каримов. – Бу ҳужжатлар туризм ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий туристик хизматларни ички ва халқаро сайёҳлик бозорига таклиф этиш, сайёҳлик объектларини таъмирлаш каби масалаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда вилоятда 18 та туроператор фаолият кўрсатмоқда. Улар юртдошларимизнинг тарихий шаҳарларимиз ва қатор хорижий давлатларга саёҳатини ташкил этиш бўйича зарур ишларни олиб бормоқда.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида 2018 йилда вилоятдан қарийб 1 миллион нафарга яқин киши Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Нукус, Тошкент, Қўқон ва бошқа шаҳарларга саёҳат қилган.

Андижон кундан-кунга чирой очмоқда, замонавий бино-иншоотлар, савдо-маиший хизмат объектлари барпо этилмоқда. Ҳудуддаги йўллар халқаро талаблар асосида қайта қурилмоқда. Бундан ташқари, вилоятда бир вақтнинг ўзида 1 минг нафарга яқин сайёҳни қабул қилиш имконига эга 16 меҳмонхона мавжуд. Уларнинг аксариятида сайёҳлар ва хорижий меҳмонларга замонавий хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Шунингдек, сайёҳлик объектлари ҳақида буклетлар, китоблар тайёрланган, туристик фирмалар ва меҳмонхоналар сайти яратилиб, уларга дам олиш масканлари, зиёратгоҳ ва меҳмонхоналар ҳақида рус ва инглиз тилларида маълумотлар жойлаштирилган. Меҳмонхоналарда “Wi-Fi“ зоналари ташкил этилган.

Вилоятда 117 туристик объект мавжуд. Уларнинг аксарияти халқимиз тарихини ўзида мужассам этган музейлар, тарихий обидалар, шунингдек, хушманзара ва баҳаво дам олиш масканлари, муқаддас зиёратгоҳлардир. Улардан танлаб олинган 9 объект бўйича туристик йўналишлар ишлаб чиқилган.

2018 йилда вилоятга 171 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрган бўлса, уларнинг 18 минг 600 нафари МДҲ, Осиё, Европа давлатлари ва бошқа қатор мамлакатлардан келган сайёҳлардир. Бу, албатта, Андижон учун паст кўрсаткич ҳисобланади. Аслида вилоятнинг туристик имконияти ва салоҳияти анча юқори.

Ана шундан келиб чиқиб, юртдошларимизни ва хорижий сайёҳларни Андижонга янада кўпроқ жалб этиш мақсадида Андижон шаҳри марказидаги “Ўзбегим” савдо ва кўнгилочар мажмуасида замонавий ахборот марказлари (инфокиоск) ташкил этилди. Андижон темир йўл вокзали, вилоятдаги меҳмонхоналарда сайёҳларга қулайлик яратиш учун маълумот марказлари, совға ва сувенирлар дўконлари ишга туширилди, хизматлар кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди.

Андижон шаҳридаги Боғи Бобур дам олиш маскани, Хонободдаги Хонтоғ, Фозилмонота, Хўжаобод туманидаги Имомота, Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ, Балиқчи туманидаги Уч булоқ, Андижон туманидаги Меҳмонвалий, Жалақудуқ туманидаги Сарвонтепа, Марҳамат туманидаги Мингтепа каби тарихий ёдгорлик ва зиёратгоҳлар, айниқса, саёҳатчилар билан гавжум бўладиган масканлардир.

Аммо барча туристик объектларда ҳам сайёҳлар ва дам олувчилар кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шароит яратилган, деб бўлмайди. Лекин хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, зиёратгоҳ ва дам олиш масканларини ободонлаштириш борасида қатор ижобий ишлар қилинаётгани, айниқса, Хонобод шаҳридаги “Андижон” сув омбори ҳудудида экотуризм объекти сифатида сайёҳларни қабул қилиш учун зарур ишлар олиб борилаётганини эътироф этиш лозим.

Умуман, вилоятда ички туризмни янада ривожлантириш, янги туристик йўналишлар ташкил этиш, сайёҳлик объектларида сервис хизматларини янада яхшилашга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йили Хўжаобод туманидаги “Қора-амур” фермер хўжалигида агротуризм, Марҳамат туманидаги Мингтепа археологик мажмуаси ва туман марказида жойлашган “Очиқ осмон остида музей” кабилар туризм маршрутига қўшилди.

Бундан ташқари, Улуғнор туманидаги балиқчилик хўжалиги ҳудудида “Балиқ ови”, Жалақудуқ туманида “Термал сув”, Шаҳрихон туманидаги шифобахш қумларда “Соғломлаштириш туризми” йўналишларини очиш режалаштирилган. Умуман, жорий йилда вилоятда яна 9 меҳмонхона ва “Меҳмон уйлар” қурилиб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Соҳада самарали фаолият олиб борувчи мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Андижон шаҳар Туризм ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида туризм, меҳмонхона хизматини ташкил этиш йўналишларида малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
6 858