ЎзА Ўзбек

07.08.2019 17:25 Чоп этиш версияси

Америкада ҳам “отанг бозор, онанг бозор”

Америкада ҳам “отанг бозор, онанг бозор”

Нисбийлик назарияси бўйича биз шарқда жойлашганмиз. Биз учун Европа ҳам, Америка ҳам ғарб ҳисобланади. Мана шу ғарбнинг энг ғарбида Калифорния штати жойлашган.

Штатда католик руҳонийси (испанча San) Франциск Ассизский шарафига қўйилган Сан-Франциско (San Francisco) деган округ ва шаҳар бор. Сан-Франциско АҚШнинг ғарбий соҳилида жойлашган. Мана шу шаҳарга бориб қуёш ботаётган шарққа томон кўз ташлашга муваффақ бўлдик. Тўғри, Сан-Францискода тун бошланаётган бир вақтда шарқда бир кун аввалги кун бошланаётган эди. Шаҳар аҳолиси бир миллион кишига ҳам бормайди. Сан-Франциско ўзининг ёзда кузатиладиган совуқ туманлари, тепаликлари ва қадимий ҳамда замонавий архитектураси туфайли жаҳон сайёҳлик марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерга европаликлар келишидан аввал минтақада ҳиндуларнинг “Олони” қабиласи истиқомат қилган. Гаспар Де Портола бошчилигидаги илк испан тадқиқот гуруҳи 1769 йилнинг 2 ноябр куни Сан-Франциско қўлтиғига кириб келган.

Сан-Францискода умумий ҳисобда 200 дан ортиқ парк бор. Улардан энг машҳури“Олтин дарвоза” кўприги ва унинг остидаги паркдир. Бу парк шаҳардан то Тинч океанигача чўзилиб кетган. Шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан бири мана шу паркка ҳамоҳанг бўлган “Олтин дарвоза” кўпригидир.

Сан-Францискода жамоат транспорт тизими анча ривожланган. Шаҳарда нафақат автобуслар, балки троллейбус ва трамвайларни ҳам учратиш мумкин. Маълумотларга кўра шаҳар аҳолисининг 35%га яқини ҳар куни жамоат транспортидан фойдаланади. Шунингдек, паромлар флоти ҳам йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Биз штат маъмурий маркази Сакраменто шаҳридан автомобилдаСан-Франциско шаҳрига “Бэй-Бридж” (San Francisco–Oakland Bay Bridge) осма кўприги орқали кириб келдик. Бу кўприк жаҳондаги энг узун ва гўзал кўприклардан бири ҳисобланади. Кўприк қурилиши 1933 йилнинг 9 июлида бошланган бўлиб, 1936 йилнинг 12 ноябрида фойдаланишга топширилган. Мана шу кўприкнинг тагида жойлашган Ferry Plaza Farmers market деб номланувчи фермерлар бозори ҳафтада уч кун фаолият юритади. Бозор CUESA (барқарор қишлоқ хўжалик бўйича шаҳар маркази) томонидан бошқарилади. Бу ерда фақат ва фақат фермерларнинг ўзлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотилади. 1993 йилдан бошлаб мазкур бозор шаҳар аҳолиси ва ўз маҳсулотларини етиштириб сотишга олиб келган фермерлар ўртасида ўзига хос марказга айланган.

Бозор собиқ денгиз вокзали ўрнида жойлашган. Мазкур бино 1898 йилда қурилган ва орадан 40 йил ўтиб ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Чунки Калифорния қўлтиғига автомобиллар учун Golden Gate Bridge ва Вay Bridge кўприклари қурилгани боис сув орқали паромда ўтиш ортиқча харажатларни талаб қиларди. Бир неча ўн йил мобайнида вокзал бўш турди. 1990-йиллар бошларида Сан-Франциско жамоатчилиги тарихга айланган вокзалга янги руҳ бағишлашга қарор қилди. Яъни, Ferry Plaza Farmers marketга асос солинди.Марказнинг очилиши билан 2003 йилда паромлар қатнови ҳам қайта тикланди. Шу тариқа паромлар Ferry Buildingни қўлтиқнинг бошқа томонидаги мавзелар билан боғлай бошлади. Жамоат транспортининг янги тизими пайдо бўлди.

Айни дамда вокзалFerry Plaza Farmers marketга айланган. Шанба кунлари бу ер табиий маҳсулотлар харид қилинадиган масканга айланади. Бу ерда Шимолий Калифорнияда етиштириладиган энг аъло сабзавот ва меваларни учратишингиз мумкин. Таъми супермаркетларникидан мутлақо фарқ қилади. Нархи ҳам шунга яраша. Мева ва сабзавотларнинг ҳаммаси экологик стандартларга мос равишда етиштирилган. Шу сабабли ҳам бу ерга келган харидорлар нархига эмас, балки маҳсулотнинг сифатига эътибор берадилар. Энг қизиғи, супермаркетдан тарвуз сотиб олиб мана шу бозорда “экологик тоза тарвуз” деб сотиш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмайди. Америкаликлар алдовни асло кечирмайдилар.

Эътиборли жиҳати мазкур бозорда сотувчилар харидорларга маҳсулотларини тотиб кўриш имконини беришади. Тўғри, ўзбек бозорларида битта шафтолини тишлаб кўришингиз ва охиригача еб қўйишингиз мумкин.Ferry Plaza Farmers marketда эса битта шафтоли камида 10та бўлакка бўлинган бўлиб, тотиб кўришингиз учун битта тиш кавлагич беришади. Харидорлар тотиб кўрадиган мева ёки сабзавотлар албатта муз солинган идишда бўлади. Шу ўринда айтиш керакки, АҚШда музга катта эътибор берилади. Ҳатто муздек Кока-кола каби ичимликларга ҳам муз солинади. Биз ҳазиллашиб “Америкаликлар музни ҳам муз билан истеъмол қилишар экан”, дедик.

Ferry Plaza Farmers marketнинг фахри шубҳасиз мева, сабзавот ва кўкатлардир. Шуни таъкидлаш керакки, Америкада кўкатларга катта эътибор қаратилар экан. Бозорда сотилаётган помидорлар эътиборимни тортди. Камида 20 хил помидорни учратдик.

Умуман олганда, Сан-Франциско бозори ўзимизнинг бозорни эслатиб юборади. Узоқдан қарасангиз, осмонўпар бинолар олдида пастқамдек бўлиб кўринадиган бозорда полиз ва боғдорчилик маҳсулотларини учратасиз. Бу маҳсулотларни кўрар экансиз, она юрт -Ўзбекистонни соғинасиз. Алишер Навоийнинг “Сафар қил, аммо Ватан ичра бўл” деган сатрлари ёдингизга тушади. Ёки “мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан” деган мақолни эслаб Ватан қадрини англаб етасиз. “Океан орти мамлакати”да табиий маҳсулотлар етиштириш ва унинг тарғиботига катта эътибор қаратилаётган бир вақтда, ўзимизнинг ширин-шакар меваларимиздан тайёрланган шарбатларни бир чеккага суриб(гоҳида унутиб), газланган ширин сувларга ўрганиб бормаяпмизми, деган саволларни ўзимизга берамиз.

Олис Американинг олис шаҳрида (мақола бошида таъкидланганидек ғарбнинг ғарбида)оддий бир бозорда юрар эканман, “Қишлоқларимизда шафтолидан, олмадан (ҳатто помидордан)қоқи, ўрикдан туршак қилиняптими, экологик тоза бу маҳсулотларга талаб борми?” деган саволлар ҳаёлимдан ўтди.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
2 621