Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.04.2013 18:01 Чоп этиш версияси

Қалажиққа борганмисиз?

Хоразм вилояти ҳудудида тахминан уч минг йиллик тарихга эга қадимий Қалажиқ қалъаcи мавжуд. Буюк ипак йўли бўйлаб сафарга чиққан карвонлар шу ерда тўхтаб ўтар эканлар.

Боғот туманида жойлашган Қалажиқ қалъасининг бир қисмигина сақланиб қолган. Обиданинг шарқий девори дарё тошқинлари ва бошқа таъсирлар натижасида бузилиб кетган. Кунчиқар томонга қараб қурилган, амфитеатрни эслатувчи иншоотнинг ички қисми шўрхок ва қум билан қопланган, ўртасида эса кичик ҳовуз мавжуд.

Ушбу тарихий ёдгорлик чўл бағрида жойлашганига қарамай, иқлими мўътадил, ҳавоси мусаффо. Айниқса, эрта тонгда, қуёш эндигина бош кўтараётган пайтда бу ернинг ҳавосидан тўйиб нафас олган киши ўзини тетик ҳис этади.

Қалъанинг жанубида шўркўл мавжуд бўлиб, унинг сувида одам чўкмайди. Ҳар йили Қалажиққа минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Кимдир табиат қўйнида оиласи билан дам олиб, ҳордиқ чиқарса, яна биров қалъа тупроғи, кўл суви ва мусаффо ҳавосидан турли хасталикларга даво истаб келади. Шифокорларнинг таъкидлашича, шўр кўлнинг сувида чўмилиб, қирғоқдаги балчиқда ётиш ва қумда тобланиш инсон танасида қон айланишини яхшилайди, асабни тинчлантиради, шамоллаш, бўғим ва айрим тери касалликларини даволашда яхши самара беради.

– Ҳар йили оиламиз билан шу ерда дам олиб, соғлиғимизни тиклаймиз, – дейди урганчлик Сафаргул Яхшимуродова. – Қалажиқнинг шифобахш хусусияти атроф-муҳит билан боғлиқлигидадир. Қалъа атрофи доривор гиёҳлар ва ҳайвонот оламига жуда бой. Кўлда чўмилган одам ўзининг тетиклашганини сезади.

Кейинги йилларда обида ва унинг атрофидаги табиий имкониятлардан фойдаланиб, ҳудудни сайёҳлар ташриф буюрадиган масканга айлантириш мақсадида бу ерда салмоқли ишлар бажарилди. Тиббий, маиший, маданий хизматлар ва савдо-сотиқ йўлга қўйилди. Натижада сайёҳлар оқими сезиларли даражада кўпайди.

Мазкур обида атрофида “Қалажиқ” соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилиб, ҳудуднинг сайёҳлик имкониятлари кенгайтирилди. Ушбу дам олиш ва соғломлаштириш маскани ёз мавсумида кўплаб сайёҳларни ўзига чорлайди.

– Мавсум қисқа бўлишига қарамасдан, қарийб ўн мингга яқин мижозга хизмат кўрсатамиз, – дейди соғломлаштириш маскани раҳбари Йўлдош Исаев. – Масканимизда йигирмадан зиёд ўтов тикилган бўлиб, тиббиёт хонаси, овқатланиш ва чакана савдо шохобчалари фаолияти, қайиқ ва сузиш ашёларини ижарага бериш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, дам олувчилар кўл ва қалъа атрофи, қум барханлари бўйлаб от ва туяларда сайр қилишлари мумкин. Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги туфайли Қалажиқ қалъасининг сайёҳлик имкониятлари хорижда кенг тарғиб қилинаётгани ўз самарасини бермоқда. Қалъа деворини таъмирлашга киришилди. Келгусида бу ерни йил давомида сайёҳлар билан гавжум бўладиган туристик марказга айлантириш ниятидамиз.

– Ички туризмни ривожлантириш иқтисодиётни тараққий эттириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади, – дейди Боғот тумани ҳокимининг ўринбосари Қ.Ражабов. – Шу боис мазкур тарихий ёдгорликни қайта таъмирлаш, қалъага олиб борувчи йўллар атрофини ободонлаштириш, турли маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, бу ерда музей барпо этиш, унга қалъага оид археологик топилмаларни жойлаштириш, шифобахш сувдан ва қумдан самарали фойдаланиш учун замонавий даволаш маскани барпо этиш кўзда тутилмоқда.


ЎзА, А.Шокиров
8 746