Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.12.2014 12:52 Чоп этиш версияси

Қашқадарёда туризм ривожланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги “2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган вақт мобайнида Қарши шаҳридаги Абу Убайда ал-Жарроҳ комплекси реставрация қилинди. Ўзбек ҳаммоми меъморий ёдгорлиги, Одина мажмуаси, Сардоба, Қиличбой, Абдулазизхон мадрасалари, Чироқчи ва Китоб туманларидаги Катта Лангар ота масжиди ва мақбараси, Хўжа илмкони хонақоҳ мажмуаси қайта таъмирланди.

Қарши ва Касби туманларидаги Хожа Шамсиддин Халвоний мақбараси, Имом Муйин ан-Насафий ёдгорлиги, Султон мир Ҳайдар мажмуасида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Қарши аэропорти ва темир йул вокзали биноларини таъмирлаш, юқори мартабали меҳмонлар зали барпо этиш, янги маҳаллий рейсларни йўлга қўйиш бўйича ҳам ишлар олиб борилаётир.

– Туризмни ривожлантириш дастурига кўра, вилоятда ўттизта тарихий-маданий объект қайта тикланади. Мавжуд меҳмонхоналарнинг бештаси таъмирланади, йигирма тўртта шундай маскан бунёд этилади, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Қашқадарё вилояти вакили Ўктам Хўжаёров. – Миришкор туманидаги Ачинкўл сув ҳавзаси атрофида дам олиш маскани барпо этилади. Ҳудудда балиқ овлаш, қайиқда сузиш хизматлари, ўтовли оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилади.

Дастур ижроси доирасида амалга оширилаётган бу каби ишлар вилоятда инфратузилма ва туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.

Ў.Баротов, ЎзА
10 750