Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 16:11 Чоп этиш версияси

"Ўзбекистон" миллий стенди иштирокчилар эътиборини тортмоқда

Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган “MITT – 2017” халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш қилинмоқда.

Мамлакатимиз сайёҳлик ташкилотлари дунёнинг кўплаб давлатларида ташкил этилаётган халқаро сайёҳлик ярмаркаларида фаол иштирок этиб, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, “MITT – 2017” халқаро кўргазмасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Central Asia Travel”, “Marco Polo CAT”, “Compass Tour”, “Azimut Samarkand Travel”, “Oriental Tales”, “Shahriyor-Tur” каби сайёҳлик компаниялари иштирок этмоқда.

185 мамлакатдан икки мингга яқин сайёҳлик фирма ва компанияси вакиллари, эксперт ва мутахассислар қатнашаётган кўргазма сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган.

Ўзбекистон мазкур халқаро сайёҳлик ярмаркасида бир неча йилдан буён фаол қатнашиб келмоқда. 2016 йилги ярмаркада мамлакатимиз миллий стенди “Энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти” мақомига сазовор бўлган эди.

Бу гал ҳам “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос янги дизайни, безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчилари эътиборини тортмоқда. Унда мамлакатимиз тарихий обидалари, халқимизнинг миллий анъана ва қадриятлари акс этган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент ва бошқа тарихий шаҳарларимизнинг диққатга сазовор жойларига оид ранг-баранг маълумотлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Кўргазма доирасида Ўзбекистон делегациясининг Москвада қатор ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган. Музокаралар давомида ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилади.

Нодира Манзурова, ЎзА
2 800






Все о погоде - Pogoda.uz