ЎзА Ўзбек

12.03.2020 Чоп этиш версияси

“New York Times”​: америкалик журналистлар афсонавий йўлда Ўзбекистонни таърифлади

 “New York Times”​: америкалик журналистлар афсонавий йўлда Ўзбекистонни таърифлади

Американинг машҳур “New York Times” нашрида фотожурналист Тони Cэниcола ва Чарли Уайлдер муаллифлигида “Энг афсонавий йўлдаги 12 кун: Буюк Ипак йўли” номли мақола чоп этилди.

Мақола 2019 йил октябрь ойида амалга оширилган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон бўйлаб журналистларнинг 12 кунлик сафарига бағишланган. Ушбу саёҳат Ўзбекистон элчихонаси ва Америка нашрлари журналистлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мақолада таъкидлашича, “Ўрта Осиё — Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон асрлар давомида цивилизациянинг бешиги бўлиб, яқин вақтгача ғарбликларнинг ташрифи қийин ёки мумкин бўлмаган, Александрдан Чингизхонгача бўлган шахсларни жалб этган муқаддас маскандир.

Саёҳатчилар мақолада бир неча авлодлар томонидан Будда ва Зардушт ибодатхоналари, қадимий масжид ва мадрасалар, бозорлар, нафис табиий манзаралар “темир парда“ ортида қолдирилганини эслаб ўтади.

Нашрда “2016 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида очила бошлади. Қўшнилар билан транспорт ва логистика алоқалари яхшиланди, визага чекловлар олиб ташланди. 2018 йилдан бошлаб 100 дан ортиқ давлатларнинг фуқаролари, шу қаторда Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон орқали визасиз беш кунгача парвозларни амалга ошириши ва янги электрон визалар билан юришлари мумкин“, дейилади.

Америкалик журналистлар “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қўшни давлатлар ўртасида кўплаб чегара постлари тикланиб, минтақа давлатларида бир вақтнинг ўзида ғарблик сайёҳлар учун қўшимча қулайлик яратилганини алоҳида эътироф этади.

Мақола муаллифлари Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва Хива шаҳарларининг тарихий ва маданий меросини алоҳида таърифлайди.

Ўқувчиларни Улуғбек расадхонаси, Регистон майдони, Гўр-Амир мақбараси, Шоҳ-Зинда мақбараси, Лаби Ҳовуз, Пойи Калон мажмуаси, қадимий Мағоки-Аттори масжиди ва бошқа тарихий обидалар билан таништиради.

Шунингдек, журналистлар саёҳат давомида кузатилган баъзи муаммоларни эслар экан, жумладан қўйидаги сўзлар билан хулоса қилади: “Йўл бўйидаги санитария билан боғлиқ муаммоларга, халқаро карталар учун банкоматларнинг чекланганига ва транспорт билан боғлиқ баъзи ноқулайликларга қарамай, ушбу сафар бизнинг ҳаётимиздаги энг унутилмас саёҳатлардан бири ва биз буни ҳеч қачон тугамайди деб умид қилардик”.

22 812
Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади ЎзА