ЎзА Ўзбек

16.04.2015 20:45 Чоп этиш версияси

Журналистлар учун медиа-тур

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан пойтахтимиздаги ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртларига матбуот сафари ташкил этилди.

Матбуот сафари Президентимиз Ислом Каримовнинг қарорига мувофиқ ўтган йилнинг март ойида ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Инха университетидан бошланди. Ушбу олий ўқув юрти ректори Шерзод Шерматов журналистларни муассаса билан таништирди.

– Замонавий шароитларда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш юқори технологиялар тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ, – дейди Ш.Шерматов. – Бугун дунёда ахборот технологиялари давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларига жорий этилмоқда. Натижада билимдон ва юқори малакали мутахассисларга бўлган талаб тобора ортиб бораётир. Университетимизда ҳам бошқа олий ўқув юртлари қатори шундай юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Тошкент шаҳридаги Инха университети талабалари айни пайтда икки йўналиш – компьютер ва дастурий инжиниринг йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. Истиқболда ахборот-коммуникация технологиялари менежменти ва логистика факультетларини очиш режалаштирилмоқда.

Мутахассислик бўйича асосий фанларни ўқитиш жараёнига Жанубий Кореядан профессорлар жалб этилган. Университетда барча дарслар инглиз тилида ўтилади. Бу Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси таъминланаётганидан далолатдир. Қарорда алоҳида махсус фанларни чет тилларда ўқитиш назарда тутилган.

Бу ерда талабалар учун барча шароит яратилган. Чунончи, компьютер заллари, физика фани лабораторияси, замонавий техника жиҳозлари билан таъминланган ахборт-ресурс маркази ва шинам аудиториялар, спорт майдонлари ва дам олиш хоналари талабалар ихтиёрида. Бўлажак муҳандис ва дастурчилар махсус лингафон хоналарида чет тиллар бўйича билимини оширмоқда. Университетда замонавий интерактив доскалар ва катта сенсорли мониторлар ўрнатилган. Мазкур қурилмалар симсиз интернет – Wi-Fi га уланган. Бу талабаларга ўз чизмалари ҳақида тармоққа уланган гаджетлар ёрдамида бошқалар билан фикр алмашиш имконини беради.

Барча талабалар фанларни ўрганиш баробарида ўз лойиҳалари устида ҳам иш олиб бормоқда. Жумладан, улар веб-сайтлар яратиб, дастурлар тайёрламоқда, кундалик ҳаётимизда фойдаланиладиган дастурий маҳсулотларни такомиллаштиришнинг янги йўлларини изламоқда.

– Мен калькуляторга ўхшаш қурилма яратдим, – дейди талаба Шаҳзод Воҳиджонов. – Унинг имкониятлари оддий калькулятордан анча кенг. Фойдаланувчи қурилмани ўзи учун мослаштириб олиши мумкин. Масалан, курсдошларим билан ўз балларимизни ҳисоблашда ундан фойдаланмоқдамиз.

***
Матбуот сафарининг иккинчи қисми Тошкент ахборот технологиялари университетида ўтказилди. Мазкур университет 2002 йилда давлатимиз раҳбарининг фармони билан Тошкент электротехника алоқа институти негизида ташкил этилган. Университетнинг ўқув базаси телекоммуникация технологиялари ва ахборот тизимлари соҳасида бакалавр, магистр ва фан докторлари тайёрлаш имконини беради. Шунинг учун Тошкент ахборот технологиялари университети ҳақли равишда Марказий Осиёда юқори технологиялар соҳасидаги етакчи таълим муассасаси ҳисобланади.

Бугунги кунда Самарқанд, Фарғона, Нукус, Қарши ва Урганч шаҳарларида университет филиаллари фаолият юритмоқда.

Университет ҳудудида ўтказилган экскурсияда олий ўқув юрти ректори Ҳаким Муҳитдинов тузилма ва ўқув дастурларидаги янгиликлар, халқаро ҳамкорлик ва мутахассислар тайёрлаш борасидаги ўзгаришлар хусусида атрофлича сўзлаб берди.

– Бой тарихга эга университетимиз бугунги кунда етакчи таълим муассасаларидан биридир, – дейди Ҳ.Муҳитдинов. – Ахборот-коммуникация технологиялари мутахассисларига бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда, халқаро стандартларга мос таълим дастурлари ишлаб чиқилиб, жорий этилмоқда.

Президентимизнинг 2013 йил 26 мартдаги ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Ушбу қарорга мувофиқ, бакалаврларни ўқитишнинг 15 йўналиши модернизация қилиниб, 8 янги йўналишга айлантирилди. Компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг, телекоммуникация технологиялари, телевизион технологиялар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида касб таълими, иқтисодиёт ва менежмент, ахборотлаштириш ва кутубхоначилик, почта алоқаси технологиялари йўналишлари шулар жумласидандир. Шунингдек, магистратура босқичида “Электрон ҳукумат тизимини бошқариш” ва “Электрон кутубхона ва архивлар” каби янги мутахассисликлар ташкил этилди. Шу тариқа университетда иқтисодиётнинг барча тармоқлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.

Ўқув жараёнининг модернизация қилиниши самарасида ўқитиладиган фанлар сони 115 тага етди. Ўқитиш жараёнига инглиз тилини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бугунги кунда элликдан зиёд фан инглиз тилида ўқитилаётир.

Тошкент ахборот технологиялари университети хорижий мамлакатлар университетлари билан халқаро муносабатларни кенгайтирмоқда. Жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Германия, Нидерландия, Франция, Малайзия, Италия, Финляндия, Россия каби мамлакатларнинг 22 университети ва 3 илмий-тадқиқот маркази, ташкилот ва компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ўқитувчи ва профессорлар малакасини ошириш, ўқув жараёнига ёндашувни модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Ўтган йили университет ва унинг филиалларида меҳнат қилаётган 60 дан зиёд педагог Жанубий Корея, Ҳиндистон, Франция ва Германиянинг етакчи олий ўқув юртлари ҳамда марказларида малака оширди.

Университетда замонавий мультимедиа ва компьютер хоналари, 12 ўқув лабораторияси талабалар ихтиёрига бериб қўйилган. Улар мамлакатимиз ва хорижнинг етакчи компаниялари кўмагида замонавий технология ва жиҳозлар билан таъминланган. Жорий йилнинг 14 апрель куни университет ва унинг филиалларида “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг ўқув мажмуалари ва илмий-тадқиқот лабораториялари очилди. Бундан ташқари, замонавий робот техникаси лаборатория маркази ҳам фаолият юритмоқда. Бу илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш жараёнининг мустаҳкам ва самарали интеграциялашувига хизмат қилмоқда.

*** 

Ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослашган ўқув муассасаларига уюштирилган сафар журналистларда катта таассурот қолдирди. Матбуот сафари мамлакатимизнинг иқтидорли ёшлари ўз ижодий ва илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.

Бобур Обидов, ЎзА
13 063