ЎзА Ўзбек

27.02.2020 Чоп этиш версияси

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Tokyo 2020 Uzbek мобил иловаси орқали спортчилар билан бевосита мулоқотда бўлади

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Tokyo 2020 Uzbek мобил иловаси орқали спортчилар билан бевосита мулоқотда бўлади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга татбиқ этиш борасида яна бир муҳим қадамни ташлади.

Токио-2020 Олимпия ўйинлари бошланишига ҳам оз фурсат қолган бир паллада ҳар бир кун, соат ва ҳатто дақиқанинг ҳам қадри жуда баланд. Буни тўғри англаган ҳолда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Tokyo 2020 Uzbek мобил иловаси яратилди ва ишга туширилди. Ушбу мобил иловани яратишдан кўзланган мақсад – спортчи, тренер ва вазир ўртасида тўғридан-тўғри онлайн мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни ўз вақтида, тезкорлик билан ҳал қилишдан иборат.

Tokyo 2020 Uzbek мобил иловасига дастлабки босқичда Токио-2020 олимпиада ўйинларига лицензияларни қўлга киритган ҳамда олимпиада йўлланмаларини қўлга киритиш имконияти юқори бўлган спортчилар ва уларнинг тренерлари уланишлари мумкин. Улар 24/7 режимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдурахмоновга ўзларини қийнаётган савол, муаммо ёки таклифлар билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди.

4M4A9259(8).jpg

Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керак, у ёки бу спортчи томонидан йўлланган савол, таклиф, мурожаат ёки шикоятни бир вақтда ўша спортчининг ўзи билан бирга Жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда МОҚ президенти, яъни фақат уч кишигина кўриши мумкин. Мобил иловани юклаб олган ва уланган бошқа спортчи, тренер ёки спорт федерациясининг раҳбари ўзга шахснинг шикоятини кўролмайди. Мобил иловада ахборотнинг тўла махфийлиги таъминланган бўлиб, бу коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Снимок.PNG

Кеча Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида мазкур мобил илованинг тақдимот маросими ўтказилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, вазирнинг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдурахмонов, вазирлик ҳамда МОҚ мутасаддилари, спорт федерацияларининг раҳбарлари ва терма жамоаларнинг бош мураббийлари иштирок этишди.

Tokyo 2020 Uzbek мобил иловасини Google Play, App Store интернет магазинлари ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг расмий веб-сайти (www.minsport.uz) орқали юклаб олишингиз мумкин.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати


9 717
ЎзА