ЎзА Ўзбек

29.06.2020 Чоп этиш версияси

Жавоблар бир хил, натижа йўқ

Жавоблар бир хил, натижа йўқ

Ҳозирги кунда ҳам мамлакатимизда 5 та мобил алоқа оператор компаниялари халқ хизматида. Юртимизда ахборот-технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, қолаверса, компаниялар ўртасидаги ўзаро рақобат натижасида истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар ҳамда алоқа сифати яхшиланиб бормоқда.

Шу билан бирга ҳали бу борада, айниқса, чекка ҳудудларда қилиниши керак бўлган ишлар талайгина экани федерацияга келаётган шикоятларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мисол учун, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги «Қўрғонтош» МФЙга қарашли Хўжаипок қишлоғи аҳолиси ўзлари яшаётган қишлоқда мобил алоқа сифатининг умуман талабга жавоб бермаслигидан, хизматлар қониқарсизлигидан, энг ёмони, бунга масъулларнинг бепарво эканликларидан куйиниб мурожаат қилган. 

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушган ушбу шикоят аризасида келтирилишича, кейинги пайтларда қишлоқ аҳолисини “UZMOBILЕ” компанияси томонидан 95 ва 96 код рақамлари билан тақдим этилаётган телефон хизмати ўзининг сифатсизлиги билан жуда қийнамоқда. Айтилишича, осмонда озгина булут пайдо бўлса ёки об-ҳаво сал ўзгарса, бўлди, алоқа бутунлай йўқолади ва бу ҳолат ҳозирги ёзнинг очиқ, қуёшли кунларида ҳам камида 6-8 соатлаб давом этади.

Алоқанинг йўқолиб қолишига эса асосий сабаб қишлоқ ёнидаги Оқтоғ тепалигига ўрнатилган кичик подстанциянинг анча эскириб қолган қуёш батареялари бўлиб, қуёш озгина кўринмай қолса ҳам алоқа ўша заҳоти чекланар экан.

photo_2020-06-29_16-13-15 (2).jpg

“Хўжайипокота Деҳқонобод туманининг энг чекка қишлоқларидан бири. Туркманистон билан шундай чегара бўйида жойлашган қишлоғимиз кичкина, тахминан 70 га яқин хонадон истиқомат қилади, ҳарбий қисм ҳам бор.

Қишлоғимизнинг мана шундай чекка бир жойда, энг муҳими эса чегара ҳудудида жойлашагани сабаб ҳам бизга доимий телефон алоқаси жуда керак. Бир ўйлаб кўринг: Худо кўрсатмасину, кимнингдир мазаси қочиб, оғирлашиб қоладиган ёки фавқулодда ҳолат юз берадиган бўлса, салкам 60 км нарида жойлашган туман марказига бориш учун камида 2 соат вақт кетади. Аслини олганда, чегара ҳудудида ҳозирги замон талабига кўрса, доимий алоқа бўлиши керак эмасми?

Масаланинг иккинчи томони шундаки, ҳозирги карантин пайтида қишлоқ ўқитувчилари ва ўқувчилари онлайн дарслардан умуман фойдалана олишмади. Тўғри, телевизор орқали бу дарслар намойиш қилинди, лекин, қишлоқ шароитида дарсларни тўлиқ кўриш имкони бўлмади.

Эшитишимизга қараганда, бу ўқув йили ҳам онлайн дарслар билан бошланар экан. Агар шундай бўладиган бўлса, фарзандларимизнинг, невараларимизнинг сифатли дейиш у ёқда турсин, шунчаки оддий билимни ҳам ола олмаслиги кундай равшан бўлмоқда” – дейилади шикоят аризасида.

Ариза билан танишиш чоғида эътиборимизни тортган нарса шу бўлдики, қишлоқ аҳли туман, вилоят, республика миқёсида ушбу масала бўйича охирги бир йил ичида кўп бора мурожаат қилган. Айтилишича, келаётган хатларда жавоблар деярли бир хил: қишлоғингизнинг географик жойлашуви ноқулай, подстанция яхши ишлаяпти, кейинги йил дастурларига киритамиз...

Аризага илова қилинган, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан йўлланган жавоб хатида ҳам шу ҳолни кўриш мумкин.

photo_2020-06-29_16-13-15.jpg

“Шу ўринда бир савол туғилади: Ўзбекистонда алоқа компанияси битта “UZMOBILЕ” эмаску? Яна қолган компаниялар ҳам борку? Қишлоғимизнинг географик жойлашуви ноқулай экан, нега унда биздан анча тоғли ҳудудда жойлашган Бўзтепа, Тарқопчуғай каби қишлоқларда доимий телефон алоқаси бор?”

Албатта, бу эътирозлар ўз-ўзидан бўлмаётгани аниқ. Айни шу жиҳатни эътиборга олиб, қатор масъул ташкилот ва вазирликлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан мазкур масала бўйича муносабат кутиб қоламиз. Ўйлаймизки, хўжайпокликларни қийнаётган ушбу муаммо куз-қишнинг булутли қора тунларигача етмасдан, тез орада ижобий ечимини топади.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини 
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
Матбуот хизмати

13 077
ЎзА