ЎзА Ўзбек

01.08.2019 10:06 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик ёш олимлар Беларусда суперкомпьютер имкониятларини ўрганмоқда

Ўзбекистонлик ёш олимлар Беларусда суперкомпьютер имкониятларини ўрганмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз ёш олимлари ва олий ўқув юртлари проректорлари ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосарлари Беларусда илмий стажировка ўтамоқда.

Ёш тадқиқотчилар орасида ахборот технологиялари бўйича мутахассислар ҳам бор. Улар соҳадаги янги технологияларни ўзлаштириш ва олган билимини юртимизда татбиқ қилишни ўз олдига мақсад қилган.

Беларусь Миллий Фанлар академиясига қарашли Бирлашган информатика муаммолари институтида малака ошириш курсларини ўтаётган ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар мазкур институтда яратилган замонавий қурилмалар, хусусан, институтда жойлашган замонавий суперкомпьютер, робототехника, геоахборот тизимлари, сунъий йўлдош ахборот тизимлари билан танишмоқда.

Институт ишланмаларидан бири бу – офисларда ҳам ишлатиш мумкин бўлган суперкомпьютердир. Ушбу компьютер орқали 100 дан ортиқ вазифаларни амалга ошириш мумкин.

Илмий тадқиқотчиларимиз ўрганаётган йўналишлар орасида геоахборот тизимлар алоҳида ўрин эгаллайди. Институт олимлари таклиф этаётган телемедицина соҳаси мамлакатимиз учун долзарб йўналишлардан биридир. Муассасада тиббиётга доир ахборотларни қайта ишлаш, базасини шакллантириш, масофага узатиш ва таҳлил қилиш ишлари йўлга қўйилган.

Тизимнинг асосий ютуқларидан бири бу касалликни аниқлашда интеллектуал ақлни қўллаш ва шу асосда ташхис қўйиш жараёнини тезлаштиришдир. Тизим рақамли рентген, компьютер томографияси, магнитли резонанс томографияси ва бошқа бир қанча текширувлар бўйича ахборотларни ўзида сақлайди. Касалликлар варақаси автоматик тарзда шаклланиши тизимнинг яна бир асосий ютуқларидан биридир.

Ҳозирги кунда мазкур тизим Беларусда кенг қўлланилмоқда, тизимга республиканинг ҳар бир шифохонаси уланган. Умумий электрон база доимий равишда маълумотлар билан тўлдириб борилади. Натижада бемор учун касаллик варақаси ва тиббий дафтарчасининг қоғоз шаклини ахтариш шарт бўлмайди.

Ўзбекистонлик илмий ходимлар Бирлашган информатика муаммолари институтида яратилган тизимни ўрганаркан, шундай тизимни юртимизга жорий қилиш бўйича амалга оширилиши керак бўлган ишларни институт олимлари билан ҳамкорликда таҳлил қилмоқда.

Мамлакатимизда мазкур тизимни қўллаш орқали касалликларни аниқлаш вақтини қисқартириш билан бирга вилоятлар кесимида таҳлилий натижаларни олиш имкониятлари яратилади.

Хайрулло ҚУЛМАТОВ,
ЎзР ФАнинг Физика-техника институти илмий тадқиқотчиси

ЎзА
4 035