ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишида Венгрия билан ҳамкорлик қилинади

Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишида Венгрия билан ҳамкорлик қилинади

Энергетика вазирлигида Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто бошчилигидаги делегация аъзолари билан ўтказилган учрашувда мамлакатимизнинг ёқилғи-энергетика комплексига оид истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик имкониятлари муҳокамасига асосий эътибор қаратилди.

Вазирликнинг матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон-Венгрия иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 5-мажлиси доирасида бўлиб ўтган ушбу музокарада Энергетика вазирлиги ядровий энергетикани ривожлантириш соҳасида Венгрия билан ҳамкорлик қилиш бўйича тажрибага эга экани қайд этилди. 

2018 йил ноябрда “Ўзатом” агентлиги мутахассисларининг Венгрияга қилган амалий сафарида мазкур мамлакатнинг Россияда ишлаб чиқарилган ВВЭР-1200 реакторли иккита энергоблок негизида “Пакш-2” АЭС қурилиши тажрибасини, атом энергетикаси объектлари қурилишини молиялаш ва қонунчилик базасини яратиш масалалари ўрганишга муваффақ бўлган эди. Шу билан бирга, улар Венгриянинг қайта тикланувчан энергия манбаларини, шунингдек, қуёш энергияси ва биомасса асосидаги манбаларни ривожлантириш соҳасидаги ютуқлар билан танишди.

Маълум қилинишича, фаолият юритаётган “Пакш” АЭС Венгрия электр энергиясининг тахминан 40 фоизини ишлаб чиқаради. Ушбу мамлакат Европа Иттифоқи аъзолари ўртасида энг тез ривожланаётган иқтисодиётга эга. “Пакш-2” лойиҳасининг амалга оширилиши мамлакатда электр энергияга бўлган талабнинг ортиб бораётганлиги билан боғлиқдир.

Учрашувда Энергетика вазирлиги томонидан энергетика ва нефть-газ соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, табиий газ негизида юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. 

Музокаралар якунида томонлар тинч атомдан фойдаланиш, хусусан, Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида ўзаро келишувга эришди. Шунингдек, унда минтақанинг газ бозорини ривожлантириш масалалари ва Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги келгуси режалари муҳокама қилинди.

8 764
ЎзА