ЎзА Ўзбек

20.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлади

Ўзбекистонда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлади

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорига мувофиқ Ўзбекистонда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш тизими жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг маълумотларига кўра, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон GSM-операторлари тармоқларида фойдаланадиган мобил қурилмаларининг IMEI-кодларини автоматик равишда рўйхатга олиш бошланди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида“ги қарорига мувофиқ мобил қурилмаларни ноёб IMEI-кодлари бўйича мажбурий рўйхатга олиш тартиби тасдиқланди.

IMEIларни (International Mobile Equipment Identity) автоматик равишда рўйхатга олиш жорий этилиши бир йўла бир неча муаммоларни ҳал этиш имконини беради. Жумладан, мобил қурилмаларни ўғирлаш ҳоллари, контрафакт телефонларни олиб кириш ҳажми камаяди, террористлар ўзаро мулоқот олиб боришда фойдаланадиган мосламаларни иденцификация қилишда қўл келади.

Ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими ўғирланганлиги ёки йўқолганлиги сабабли “қора“ рўйхатга киритилган ва божхона тартибларидан ўтказилмаган контрафакт гаджет ва қурилмалардан мамлакатимиз ҳудудида фойдаланишни чеклаш имконини беради.

Харидорларни “қора рўйхат“га киритилган ёки янглиш IMEIга эга бўлган мосламаларни харид қилишларининг олдини олиш учун uzimei.uz сайти ташкил қилинди, унда ҳар ким қурилманинг ноёб кодини текшириб кўриши мумкин.

IMEI ваколатли ташкилот томонидан берилади ва аппарат ичида сақланади.

Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларининг IMEI-кодларини рўйхатга олиш бошланади. Бунинг учун рўйхатга олувчи операторларга мурожаат қилиш керак.

20 392
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА