ЎзА Ўзбек

20.02.2019 09:51 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда атом электр станцияси: ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари

Ўзбекистонда атом электр станцияси: ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари

АЭСларда ёнғинлар содир бўлиши ва ривожланиши эҳтимолининг юқори даражалиги, биринчи навбатда, электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёнларининг технологик ўзига хосликлари билан бевосита боғлиқ.

Бундан ташқари, 55 энерголблок қуриб битирилиш арафасида. Атом энергетикаси объектлари 38 та давлатда, шу жумладан, Аргентина, Арманистон, Белорусь, Бельгия, Бразилия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Россия, АҚШ, Туркия, Корея Республикаси, Японияда фаолият кўрсатмоқда. Энергетика соҳасининг узоқ муддатга мўлжалланган ривожланиш истиқболларидан ҳамда жадал суръатларда фойдаланиш оқибатида қазилма бойликларнинг тугаб битиши эҳтимоллигидан келиб чиқиб, дунё ҳамжамияти диққат эътиборини жаҳон иқтисодиёти ривожланишининг локомотиви бўлган атом энергетикасини ривожлантиришга қаратмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси сифатида юқорида тилга олинган жараёнлардан четда тура олмайди, албатта. Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ мамлакатимизда миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, АЭС қурилишини лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилди. Бу эса, ўз навбатида, унинг самарали фаолият олиб боришини, шу жумладан, объектнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалаларини чуқур ўрганишни тақозо қилади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳукуматлари ўртасида ўтган йилнинг 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим тузилган бўлиб, унинг 4-моддасида “атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва ёнғин хавфсизлиги борасида Ўзбекистон Республикаси норма ва қоидалари қўлланилади, улар мавжуд бўлмаган ёки уларни атом электр станциялари лойиҳаларига қўллаш имконияти бўлмаган ҳолларда Россия Федерациясининг тегишли соҳага оид федерал норма ва қоидалари келгусида шартнома (контракт)ларда белгиланган тартибда қўлланилади”, деб кўрсатилган.

Айни вақтда атом энергетикаси объектларини ҳимоя қилиш тизимини лойиҳалаштириш Халқаро атом энергияси агентлиги томонидан қабул қилинган “Ядро материаллари ва ядровий иншоотларни жисмоний ҳимоя қилиш билан боғлиқ ядро хавфсизлиги бўйича Тавсиялар”да белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади. Ушбу қоидаларнинг ўзаро келишувларга киритилиши уларнинг профилактик тусга эга эканлиги ҳамда ядро объектларининг комплекс хавфсизлигини, шу жумладан ёнғин хавфсизлигини ҳам таъминлашга йўналтирилганлиги билан бевосита боғлиқ.

Инсоният тарихида содир бўлган радиацион ҳалокатлар асосан ядро энергетикаси объектларида ишлаш қоидаларига амал қилмаслик оқибатида келиб чиқмоқда.

Атом энергетикаси объектлари фаолиятидаги жаҳон амалиёти натижаларининг таҳлиллари шуни кўрсатадики, дунёда биринчи бор атом электр станциясидаги жиддий ҳалокат 1952 йил 12 декабрда Канадада содир бўлган. Объект (Чолк-Ривер АЭС) ходимлари томонидан йўл қўйилган техник хатолик реактор фаол зонасининг ўта қизиб ва қисман эриб кетишига олиб келган. Бунинг оқибатида қарийб 3800 куб.м. радиоактив ифлосланган сув бевосита ерга ва Оттава дарёсидан узоқ бўлмаган майда зовурларга тўкилган.

1969 йилда яна бир ҳалокат Люценс (Швейцария)даги ер ости ядро реакторида содир бўлди. Бунинг натижасида реактор ўрнатилган ва радиоактив заҳарланган ғор батамом бекитиб ташланган.

Шу йилнинг ўзида Францияда “Муқаддас Лаврентий” АЭСда ишга туширилган 500 мВт қувватга эга реактор портлаб кетган. 1975 йил 22 мартда “Браунс Ферри” АЭС (АҚШ, Алабама штати) реакторида содир бўлган ёнғин етти соат давом этган. Буларнинг барчаси оддий ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслик, яъни объект ходим қўлида ёниб турган шам билан бетон девордан сизиб чиқаётган газни бекитмоқчи бўлган вақтда содир бўлган ва ёнғин натижасида АЭС бир йилга ишдан чиққан.

1986 йил 25 апрелдан 26 апрелга ўтар кечаси Чернобиль АЭСнинг (Украина) тўртинчи энергия блокида реактор фаол зонасининг қисман бузилиши ва парчаланиш бўлакларининг зонадан ташқарига чиқиши юз берган ҳамда ушбу ҳодиса дунёдаги энг йирик ядро ҳалокати сифатида тарихда муҳрланган. Жумладан, атмосферага 190 тонна миқдорида радиоактив моддалар отилиб чиққан ва реакторнинг 8 тонна радиоактив ёнилғиси ҳавога тарқалган, натижада кўплар кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келган. Қарийб икки ҳафта давом этган ёнғин натижасида бошқа хавфли моддалар ҳам реактордан чиқиши давом этган. Чернобилда одамлар Хиросимага бомба тушганига қараганда 90 баробар кўпроқ нурланишга дучор бўлишган, 160 минг квадрат километр майдон ҳудуди ифлосланган, 2,6 миллион аҳоли истиқомат қиладиган 60 минг квадрат километр ҳудуд радиоактив ифлосланишга учраган.

2011 йил 11 мартда Японияда мамлакатнинг бутун тарихи давомида юз берган энг кучли ер силкиниши натижасида Онагавадаги АЭСда турбина вайрон бўлган ва шу билан бирга содир бўлган ёнғинни бартараф этишга эришилган. Фукусима 1 АЭСда совутиш тизимининг узиб қўйилиши натижасида 1-сонли реактор блокида ядро ёқилғиси эриб кетган ва эртасига АЭСда портлаш содир бўлган.

Инсоният тарихида кузатилган бундай мудҳиш ҳолатларни таҳлил қилиш натижаларини ва мамлакатимизда хавфсиз атом энергетикасини ривожлантириш истиқболларини инобатга олган ҳолда, АЭС қурилиши унда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг самарали қоидаларини ишлаб чиқишни, ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларини бундай тоифадаги объектларда ёнғинларнинг олдини олиш ва курашиш билан боғлиқ билим ва кўникмаларга ўқитишни тақозо қилади.

Фикримизча, ушбу қоидалар ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг техник ва тактик чора-тадбирлари, ёнғин ўчириш махсус воситаларини қўллашнинг тартиби ва усуллари, ёнғин хавфи ҳолатини ҳисоблаш ва таҳлил қилиш услублари, ёнғин хавфи даражасини баҳолаш, ёнғинларнинг содир бўлиши ва ривожланишини баҳолаш усуллари, АЭСнинг ёнғин пайтидаги умумий ва ёнғин хавфсизлиги махсус талабларини ўз ичига олиши зарур. 

Ишлаб чиқилаётган миллий лойиҳа юқори даражадаги хавфсизлик таъминлашга йўналтирилган бўлиб, у фойдаланишда юксак даражада хавфсизлиги ва ишончлилиги билан ажралиб туради ҳамда замонавий ва энг хавфсиз АЭСлар, масалан, Нововоронеж шаҳридаги атом электр станцияси кабиларнинг мезонларига асосланади.

Таъкидлаш лозимки, АЭСларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институтида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларининг объектига айланди. Институтда хорижий давлатларда фаолият юритаётган ва қурилаётган АЭСларда ёнғинлар профилактикаси талаблари ва тартибини, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича илғор тажрибаларни тадқиқ этиш бўйича Ишчи гуруҳи шакллантирилди. Бунда атом энергетикасининг ушбу объектларида ёнғин содир бўлиш хавфини камайтириш бўйича вазифаларнинг амалий ечимларига алоҳида аҳамият берилмоқда.

АЭСларда ёнғинлар содир бўлиши ва ривожланиши эҳтимолининг юқори даражалиги, биринчи навбатда, электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёнларининг технологик ўзига хосликлари билан бевосита боғлиқдир. Бундан ташқари, АЭСда кўп миқдорда ёнувчан моддалар ва материаллардан фойдаланилишини ҳам инобатга олиш зарур. Масалан, реактор бўлинмасида реакторларнинг фақатгина мойлаш тизимида 13 тоннагача, машина залида эса у 120 тоннагача ёнувчан маҳсулотлар бўлиши мумкин. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, АЭСни ишлатиш жараёнида кўп миқдордаги юқори энергетик манбаларнинг мавжудлигини ҳам ҳисобга олиш лозим.

АЭСда ёнғин хавфсизлигини баҳолашни амалга ошириш натижасида ёнғинлар объектнинг ўзининг радиацион ва ядро хавфсизлигига реал хавф солиши мумкинлиги ҳақида хулосага келиш мумкин. Хорижий давлатларда олиб борилган илмий тадқиқот ишлари натижалари шуни кўрсатадики, ёнғин хавфининг улуши реактор фаол зонасининг содир бўлиб турувчи бузилиши қийматининг 50%гача етиши мумкин. Бу дегани, объект фаол зонаси бузилиши миқдорида ёнғинларнинг улуши қолган барча сабабларнинг жами миқдорига тенг даражага етиши мумкин.

Одатда, АЭСларда ёнғинлар содир бўлишига, нафақат автоматика ва электромеханика жиҳозлари, балки хавфсизлик тизимининг ишдан чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аксарият ҳолларда ёнғинлар реактор қурилмасини назорат қилиш ва бошқаришни йўқотишга олиб келади. АЭСда содир этилган ёнғинлар, радиацион ифлосланишлар эса катта миқдордаги моддий йўқотишга олиб келувчи экологик ҳалокатни келтириб чиқариши мумкин. Бинобарин, АЭСда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш даражасини баҳолашни амалга ошириш билан боғлиқ талаблар устувор аҳамият касб этади.

Айни пайтда Ёнғин хавфсизлиги институти мутахассислари АЭСларда ёнғинлар содир этилиши ва ривожланишини моделлаштириш услубларини, уларнинг АЭС конструкциялари ва ускуналарига таъсирини баҳолаш усулларини, ёнғинлар ривожланишининг эҳтимоллиги ва улар орқали хавфли омилларнинг тарқалиши мумкин бўлган сценарийларни, илмий асосланган ёнғинга қарши профилактик чора-тадбирларни ўрганмоқдалар. Бу борада АЭСларда ёнғинга қарши тўсиқларнинг ёнғинга чидамлилигига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш, радиациявий авариялар шароитида атом электр станцияларида ёнғинлар профилактикаси ва ёнғинларни бартараф этишни ташкил этиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, АЭСларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш комплекс изланишлар, тадқиқотлар, ҳисоб-китобларни ҳамда тажрибаларни амалга оширишни тақозо этади.

Бундан ташқари, Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенция қоидаларини, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) томонидан қабул қилинган стандартларни, ядровий хавфсизликни тартибга солиш бўйича Ғарбий Европа давлатлари органларининг ассоциацияси (WENRA) талабларини уйғунлаштириш масалаларини ўрганиш лозим.

Шунингдек, хорижий давлатлар қонунчилигини ва тажрибаларни ўрганган ҳамда миллий ўзига хосликни инобатга олган ҳолда, истиқболда АЭСда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни комплекс тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Нуриддин Норматов,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғи, юридик фанлар доктори

Кенес Тультеев,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Ёнғин хавфсизлиги институти
кафедра бошлиғи​

ЎзА
9 829