ЎзА Ўзбек

19.10.2018 20:38 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Россия IТ-компаниялари ҳамкорлик қилишга тайёр

Ўзбекистон ва Россия IТ-компаниялари ҳамкорлик қилишга тайёр Тошкентда бўлиб ўтаётган Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида I ҳудудлараро ҳамкорлик форумида Россиянинг йирик IТ ва юқори технологик компаниялар вакиллари иштирок этмоқда. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон вазирлик ва идоралари билан кўп йиллик самарали ҳамкорлик қилиб, мамлакатимизга ўзининг замонавий ишланма ва техник ечимлари билан ташриф буюрган.

Евгений Нетунахин, Россиянинг “ProSoft” компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида савдо бўйича директори:

– “ProSoft” компанияси қарийб ўн йилдан буён Ўзбекистоннинг энергетика, нефть ва газ тармоғи учун асбоб-ускуна ва дастурий мажмуаларни етказиб беради. Ўзбекистоннинг деярли барча энергетик объектларида ускуна ҳамда дастурий таъминотимиз ўрнатилган ва самарали фойдаланилмоқда. Мазкур форумда рақамли подстанцияларимизни намойиш қилмоқдамиз. Уларда хизмат кўрсатувчи ходимларга деярли эҳтиёж йўқ, зўриқиш ва кучланиш ўзгаришларига нисбатан чидамли ва ишончли. Бундан ташқари, улар дастурий мажмуаларга интеграция қилинади, бу эса ишни масофадан бошқариш, диагностика ва мониторинг ўтказиш имконини беради. Натижада бу нафақат электр энергиясини тежаш, балки электр таъминотидаги узилишлар хавфини пасайтиришга замин яратади. Биз шунингдек, уларга ёздаги ортиқча электр энергиясини Жанубий Осиё мамлакатларига узатиш ва сотиш имкониятини тақдим қилган ҳолда, Марказий Осиё мамлакатларида экологик тоза гидроэнергетика ресурсларидан имкон қадар самарали фойдаланишга имкон берадиган CASA-1000 лойиҳасини амалга оширишда иштирок этмоқдамиз. Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонда янги ускуна, жумладан, рақамли подстанцияларни ҳам етказиб бериш ниятидамиз.

Татьяна Крицкая, “Энергосила” Россия – Ўзбекистон компанияси вакили:

– Россияда Ўзбекистоннинг мева ва сабзавот маҳсулотларига бўлган талаб ошишда давом этмоқда. Яқин йилларда етказиб бериш ҳажми янада ортишига шубҳа йўқ. Бугун биз Ўзбекистоннинг “FerMa” қишлоқ хўжалиги экспортини рақамлаштириш соҳасидаги лойиҳа тақдимотини ўтказдик. У қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун электрон савдо майдончасини ифода этиб, экспорт маданиятини ривожлантиришга йўналтирилган. Ҳозирги вақтда электрон майдонча мобиль иловаси кўринишида ишлаб чиқилган. Биринчи навбатда, у ўзбекистонлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, россиялик ритейлер ва савдо воситачилари учун фойдали бўлади. Бунда томонлар ўртасидаги битимларни умумлаштириш ва бозордаги мавжуд йирик воситачилар занжирини бартараф қилиш ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш муддати сезиларли равишда қисқаради, фермерлар даромади ошади, ритейлер харажати камаяди. Барча савдо иштирокчилари учун бозордаги мавжуд талаб ва таклифларни ўрганиш ва ҳар қандай вазиятга мослашиш имкони пайдо бўлади. Пировардида, битим билан боғлиқ барча молиявий амалиётлар ва жараёнларни “FerMa” мобиль иловасидан чиқмаган ҳолда кузатиб бориш мумкин.

Александр Пьявкин, Россиянинг “Логрокон” МЧЖ компанияси вакили:

– Компаниямиз дастурий таъминот ишланмалари ва софт ишлаб чиқариш методологияси билан шуғулланади. Форум доирасида биз дастурий таъминот ишланмалари методологиясининг турли хил хусусиятларини намойиш қилдик. Гап шундаки, софт ишлаб чиқарувчилари йилдан-йилга уларнинг сўнгги маҳсулотлари сифатига таъсир кўрсатувчи айнан бир хил хатоларни такрорламоқда. Ишлаб чиқарувчилар, биринчи навбатда, уларнинг фаолияти натижаси имкон қадар буюртмачининг истагига жавоб беришига аҳамият қаратиши лозим. Биз буюртмачи ва ишлаб чиқувчи мутахассис ўртасида сўнгги модификациядаги сифатли маҳсулот олишга имкон берувчи кооперацияга мўлжалланган халқаро “DevOps” стандартига таянамиз. Ўтган йили мен Ўзбекистондаги биринчи мобиль алоқа тармоқларидан бирини очишда иштирок этган эдим ва мамлакатингизда бу йўналишда яна шериклар топишга умид қиламан.

Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги I ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўз ишини давом эттиради ва келгусида икки мамлакат IТ-саноатининг янада яқинлашишида катализатор бўлиб хизмат қилади.




Роман Бондарчук, ЎзА
8 062