ЎзА Ўзбек

10.10.2012 18:37 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон матбуоти намойиши

“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон матбуоти” II кўргазмаси очилди

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ахборот технологиялари ассоциацияси томонидан ташкил этилди. Кўргазмада марказий ва ҳудудий нашрларнинг раҳбарлари, матбаа корхоналари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари, жамоат ташкилотлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Ш.Ғуломов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси С.Ортиқова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг жаҳон андозалари талаблари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш масаласи давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида эканини алоҳида таъкидлади. Матбуот соҳасида иқтисодий ва ҳуқуқий кафолатларнинг яратилгани оммавий ахборот воситаларининг юртимиз тараққиётида тобора мустаҳкам ўринга эга бўлиб бориши, барча соҳалардаги ислоҳотларнинг аҳамиятини, мазмун-моҳиятини, янги жамият қуриш йўлида эришган ютуқларимизни холис ва ҳаққоний тарзда халқимизга етказиш имконини бермоқда.

Мамлакатимизни демократик янгилаш, модернизация ва ислоҳ қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан миллий матбуот ва оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналист кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ўнга яқин қонун ҳужжатлари фуқароларнинг сўз эркинлигига доир ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ахборотнинг муҳофаза қилиниши, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашда муҳим кафолат бўлиб хизмат қилмоқда. Соҳага оид қонун ҳужжатларининг давр руҳига ҳамоҳанг такомиллашиб бораётгани оммавий ахборот воситаларини янада либераллаштириш, соҳадаги демократик ислоҳотларни тобора чуқурлаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, 1991 йилда мамлакатимизда фаолият юритган оммавий ахборот воситаларининг умумий сони 395 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 20 июнь ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 1292 тага етди. Уларнинг олтмиш фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари экани эътиборга моликдир.

Оммавий ахборот воситаларини модернизация қилишни ривожлантириш самарасида Ўзбекистонда сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали телерадиодастурларни тарқатиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда мамлакатимиз телекоммуникациялар тизими дунёнинг икки юзга яқин мамлакатига қарийб ўттиз йўналиш бўйича тўғридан-тўғри узатиладиган халқаро каналларга эга.

Юртимизда газета, журнал, ахборотнома-бюллетен, радио, телевидение, ахборот агентликлари, веб-сайтлар каби оммавий ахборот воситалари рўйхатга олинган. Соҳа ривожи йўлида кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасида кейинги ўн йилнинг ўзида босма оммавий ахборот воситаларининг сони икки баробар, электрон оммавий ахборот воситаларининг сони эса етти баробар ошди.

Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори медиа тузилмалар, нашриёт ва полиграфия корхоналари ва матбуот тарқатувчи ташкилотларни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида оммавий ахборот воситаларини давр руҳига ҳамоҳанг тарзда ислоҳ этиш, журналистларнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун барча зарур ҳуқуқий-ташкилий, моддий ва маънавий имкониятларни яратишга оид масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган. Бу соҳа ходимларидан масъулиятни, ижтимоий-маънавий бурчни астойдил ҳис этишни, Ватанимиз, халқимиз манфаатларининг том маънодаги ҳимоячилари бўлишни, янгиланиш жараёнларининг мазмун-моҳиятини халқимизга, кенг жамоатчиликка холисона, тезкор ва ишончли тарзда етказишни талаб этади.

“Ўзбекистон матбуоти” II кўргазмаси Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил 14 январда қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларга оид фармойишига мувофиқ ахборот соҳасини эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар мазмун-моҳияти билан кенгроқ таништириш ҳамда медиамаконда миллий оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди. Мазкур анжуманларнинг муҳим вазифаларидан бири Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча медиа ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш орқали миллий ахборот маконини жадал ривожлантириш, фуқаролик жамияти ривожига кўмаклашишдан иборат.

– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида оммавий ахборот воситаларини замон талаблари асосида ривожлантириш, соҳа вакилларининг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди “Қашқадарё” газетасининг бўлим муҳаррири Ботир Темиров. – Ижодий фаолиятимизда халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг сиёсий-ижтимоий фаоллигини ошириш, юртимиз ва хориждаги воқеа-ҳодисалардан тезкор хабардор этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Кўргазмада мамлакатимизда фаолият юритаётган босма оммавий ахборот воситалари, ахборот агентликлари, нашриётлар ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.

Кўргазма доирасида ўтган форумда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳасини янада ислоҳ қилиш, оммавий ахборот воситаларининг кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги ўрни ва аҳамияти, ОАВ фаолиятининг ҳуқуқий, иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда мустақил электрон оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш каби мавзуларда маърузалар тингланди. Миллий оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада тараққий эттиришга оид масалалар муҳокама қилинди.

Мазкур тадбирлар доирасида “Йилнинг энг яхши китоби” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


ЎзА, Нодира Манзурова, Отабек Мирсоатов (сурат)
14 321