Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 15:07 Чоп этиш версияси

Замонавий, қулай ва тезкор

Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётнинг барча соҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган интерактив давлат хизматлари сони ва сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

Бундай тизим давлат органларида фойдаланилаётган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базасини интеграциялашга замин яратди. Бу давлат бошқаруви самарадорлигини янада ошириш, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида ҳужжатларни тайёрлаш ва уларга ишлов беришга кетадиган вақт ва харажатни камайтириш имконини бермоқда. Электрон ҳукумат давлатга нафақат иқтисодий фойда келтиради, балки давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш орқали халқнинг унга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳам жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологиялари орқали хизмат кўрсатиш борасида кўплаб қулайликлар яратилган.

– Электрон давлат хизматлари ва электрон хизматлардан фойдаланиш даражаси тобора юксалмоқда, – дейди Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Эшматов. – Электрон тарзда давлат солиқ органлари функциясини бажариш ва давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бошқарма томонидан электрон давлат хизматлари кўрсатиш бўйича сўровларни пухта ва сифатли қайта ишлаш ҳамда фойдаланувчиларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиши устидан доимий назорат ўрнатилган. Бу юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, харажатлар сарфини қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Электрон давлат хизматлари ва электрон хизматлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти, ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари ва қўмита тасарруфидаги ташкилотларнинг веб-сайтлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, мобиль иловалар, мобиль телефонлар, стационар телефонлар ва бошқалар орқали кўрсатилмоқда.

Электрон давлат хизматлари тўлиқ ёки қисман автоматлаштирилган бўлиши мумкин. Тўлиқ автоматлаштирилган хизматлар инсон аралашувисиз, қисман автоматлаштирилган хизматлар эса масъул мансабдор шахслар иштирокида кўрсатилади.

Давлат солиқ қўмитасининг 31 турдаги электрон давлат хизмати, жумладан, 18 интерактив ва 13 ахборот хизмати my.soliq.uz сайтига жойлаштирилган. 27 турдаги очиқ маълумотлар, “Жисмоний шахсларнинг солиқлари бўйича маслаҳатчи” интерактив хизмати ёрдамида жисмоний шахслар томонидан тўланиши лозим бўлган солиқ турлари, уларнинг ставкалари, мавжуд имтиёзлар ва улардан фойдаланиш, тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларини мустақил равишда ҳисоблаб чиқиш имконияти ҳам яратилган.

Масалан, солиқ органлари билан давлат хокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари, банк муассасалари ва молиявий тусдаги, шунингдек, кўчмас мулк бўйича операцияларни амалга оширувчи бошқа ташкилотлар ўртасида ахборот айирбошлашни бирхиллаштириш, даромадлар, тўланган солиқлар ва хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, жисмоний шахслар томонидан ижтимоий ва бошқа суғурта бўйича давлат жамғармаларига тўловларни ҳисобга олишни бирхиллаштириш мақсадида барча молиявий ҳужжатларда солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) қўйилиши белгилаб қўйилган.

Аҳоли томонидан СТИР рақамларини аниқлаш ва СТИР олингани тўғрисидаги гувоҳнома олиш учун солиқ идораларига мурожаат ортмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 48 мингдан зиёд фуқаро СТИР олиш мақсадида ҳудудий давлат солиқ инспекцияларига мурожаат қилган. Бугунги кунда солиқ идораларига келмасдан СТИР рақамини аниқлаш, агар СТИР мавжуд бўлмаса, масофадан туриб солиқ идорасидан рўйхатдан ўтиб, СТИР олиш имконияти мавжуд.

Бунинг учун интернетдаги электрон солиқ хизматлари my.soliq.uz порталига мурожаат қилиш лозим. Мазкур порталнинг “Маълумотномалар олиш” бўлимидаги “СТИРингизни аниқланг” хизматига кириб паспорт маълумотларини киритиш билан СТИР рақами тўғрисидаги гувоҳномани олиш мумкин. Мабодо, фуқаро солиқ идорасида рўйхатдан ўтмаган бўлса (илгари СТИР олмаган бўлса) порталнинг “Рўйхатга олиш” бўлимидаги “Жисмоний шахсларни ҳисобга олиш” хизмати орқали керакли маълумотларни киритиб, рўйхатдан ўтиши ва СТИР рақами тўғрисидаги гувоҳномани олиши мумкин.

– Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида мингдан ортиқ фуқаро солиқ идораларига бормасдан my.soliq.uz портали орқали СТИР рақами тўғрисидаги гувоҳномани шакллантириб олган, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Зокир Ғойибназаров. – Аммо cўнгги вақтларда солиқ идораларида СТИР олиш учун келган фуқароларнинг солиқлардан қарздорлиги мавжуд эмаслигини сўраш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу мутлақо нотўғри ва СТИР олиш учун фуқаронинг паспорт нусхасидан бошқа ҳужжат талаб этилиши мумкин эмас. Яна бир гап my.soliq.uz портали орқали шакллантирилган СТИРга муҳр қўйилмайди. У шу ҳолатда юридик кучга эга.

Дарҳақиқат, фуқароларга солиқ идораларига келмасдан ўзига керакли маълумот ва маслаҳатларни онлайн тизимида қисқа муддатда олиши ҳам вақтнинг, ҳам маблағнинг тежалишига хизмат қилади. Айниқса, тадбиркорлик субъектлари учун бундай қулайликлар яхши самара беради.

Давлат солиқ бошқармасининг электрон хизматлари қаторида корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган қарздорлиги ёки жорий йил учун ҳисобланган маҳаллий солиқларини шахсий кабинет орқали онлайн тўлаш имконияти ҳам яратилган. Бунда эгалигидаги мулки ёки еридан солиқ қарздорлиги бўлган (жумладан, жорий солиқлари тўланмаган) ходимлар рўйхати автоматик тарзда корхоналарнинг шахсий кабинетида шаклланиб туради. Иш берувчи ўз ходимининг аризасига мувофиқ, маҳаллий солиқларни битта тугмани босиш орқали бюджетга ўтказиб бериши мумкин. Тўловлар автоматик равишда ходимнинг шахсий карточкасига ёзилади ҳамда қарздор ходимларнинг реестрини қоғоз шаклида солиқ идорасига тақдим этишга эҳтиёж қолмайди. Муҳими, ушбу тўлов тизимларидан фойдаланиш мутлақо бепул. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида тизимдан 231 юридик шахс фойдаланиб, 1 минг 180 дан ортиқ ходим 68,9 миллион сўм ер ва мол-мулк солиғини интернет орқали тўлаб берди.

Мухтасар айтганда, электрон давлат хизматларидан фойдаланиш тизимининг ривожланаётгани аҳолининг ҳам вақти, ҳам нақди тежалишига, иш унумининг ортиши ва турмуш фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА
10 934






Все о погоде - Pogoda.uz