ЎзА Ўзбек

28.03.2018 22:16 Чоп этиш версияси

Замонавий технологиялар глобал иқлим ўзгаришларига мослашишга хизмат қилади

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларидаги фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлим барқарорлигини таъминлашга бағишланган матбуот анжуманида ана шу ҳақда сўз борди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Иқтисодиёт вазирликлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакиллари ва пойтахтимиздаги олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди.

Тадбир ФВВ ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази ва БМТнинг Тараққиёт дастури қўшма лойиҳаси, Ўзгидромет ҳамда БМТнинг Иқлим ўзгариши ҳақидаги умумий конвенцияси Мослашиш жамғармаси ҳамкорлигида "Ўзбекистонннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлим барқарорлигини таъминлаш" қўшма лойиҳаси томонидан ташкил этилди.

Бутунжаҳон Метеорология ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда ердаги ҳарорат ХХ асрнинг бошларига қараганда бир даражага кўтарилган, бу эса аграр тармоққа салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам ушбу муаммога дуч келмоқда. Шу маънода, замонавий технологиялар иқлим ўзгаришларига мослашиш ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалигига салбий оқибатларини камайтиришга ёрдам беради.

Тадбирда "Ўзбекистонннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлим барқарорлигини таъминлаш" лойиҳаси натижалари намойиш қилинди, хусусан, сув танқислиги ва қурғоқчиликнинг тобора кучайиб бораётган хавфини камайтириш, далаларни лазер ёрдамида режалаштириш, бошланғич ишлов бериш, сидераль, шўрга чидамли ва қурғоқбардош экинларни етиштириш каби сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича амалий мисоллар келтирилди.

Лойиҳа марказий, вилоят ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликларига иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашга тайёргарлигини оширишга хизмат қилади.

Янги агротехник ва сув тежовчи технологияларнинг самарадорлигини Қорақалпоғистон иқлим шароитида текшириш учун ҳар бирида турли инновацион технологиялар жорий этилган беш туман танлаб олинди. Лазер ёрдамида режалаштириш технологиясини интеграция қилиш учун махсус тренинглар ташкил этилди. Унда фермерлар ускуна билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлди. Фермер ва деҳқонлар учун иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилган.

Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш доирасида гидрометеорология маълумотларини йиғиш ва узатиш учун замонавий ускуна билан жиҳозланган Қорақалпоғистоннинг метеорологик кузатув тармоғи тўлиқ автоматлаштирилди.

Тадбир сўнгида қишлоқ хўжалиги экинларининг иқлим барқарорлигини ошириш имконини берувчи янги агротехник услублар муҳокама қилинди.

Роман Бондарчук, ЎзА
12 415