ЎзА Ўзбек

13.03.2020 Чоп этиш версияси

Замонавий таълим – янгича ёндашув, илғор тажрибаларни тақозо этади

Замонавий таълим – янгича ёндашув, илғор тажрибаларни тақозо этади

Тараққий топган аксарият давлатларда таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратилади. Чунки таълимни тўғри ва оқилона йўлга қўйиш ҳар бир мамлакат келажаги учун муҳим омиллардан бири саналади. Мамлакатимизда ҳам бу борада изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, замон талабларига мос малакали кадрлар тайёрлашга йўналтирилган муҳим дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ҳозирги кунда Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълимида еттита мутахассислик йўналиши бўйича уч йиллик дастур асосида кадрлар тайёрланмоқда. Ҳар бир мутахассислик учун ўқув-методик хоналар ташкил этилиб, машғулотлар малакали профессор-ўқитувчилар ҳамда соҳада кўп йиллик тажрибага эга амалиёт ходимлари томонидан олиб борилаяпти. Машғулотлар жараёнида интерфаол ёндашувлардан кенг фойдаланилаётгани курсант ва тингловчиларнинг билим ҳамда касбий кўникмаларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

photo5429172673616915675.jpg

Сўнгги йилларда таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари таркиби¬-ни малакали илмий-педагогик кадрлар билан тўлдириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда катта амалий тажрибага эга бўлган мутахассисларни ўқув жараёни¬га кенг жалб этиш, ўқитишнинг замонавий шакл ва усуллари, янги педагогик ва ахборот-коммуникацион технологиялар, шу жумладан, ситуацион машғулотлар, масофадан ўқитиш тизимини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Шундан келиб чиқиб, курсантларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, келгусида хизмат фаолиятини олиб борадиган ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ўрганишини таъминлаш мақсадида иш ўрганиш амалиётини жамловчи ҳудудий ички ишлар органларида ўтказиш йўлга қўйилди. Айни кунларда битирувчи босқич курсантлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар органларида иш ўрганиш амалиётини ўташмоқда.

photo5431835252692725306.jpg

– Криминалистик экспертизалар ўтказиш мураккаб ва қизғин жараён, – дейди Қува тумани ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимида амалиёт ўтаётган курсант Аҳаджон Режапов. – У ҳодиса жойини синчковлик билан ўрганишни, содир этилган жиноятга оид излар, ашёвий далилларни мукаммал тўплаб, экспертиза қилишни талаб қилади. Амалиёт даврида ўндан ортиқ криминалитик экспертизалар ўтказиб, содир этилган жиноятларнинг фош этилишига ҳисса қўшди. Бунда тажрибали устозларимнинг маслаҳат ва йўл-йўриқлари амалий кўникмаларимни янада оширишга туртки бермоқда.

Айтиш керакки, амалиёт даврида курсантларга профилактика инспекторлари, эксперт-криминалистлар, малакали тергов ва жиноят қидирув ходимларининг бириктирилгани ишни самарали ташкил этиш, ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятларни “иссиқ изи”дан фош этиш, тергов-суриштирув ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда турли экспертизаларни сифатли ўтказишга хизмат қилмоқда.

photo5429172673616915677.jpg

– Академиямиз ташаббуси билан пойтахтимиздаги ички ишлар органларида мутахассислик кафедраларнинг махсус филиаллари ташкил этилган бўлиб, амалий машғулотлар шу ернинг ўзида ўтказиб келинмоқда, – дейди 3-босқич курсанти Сайрам Асқарова. – Қолаверса, жорий ўқув йилидан бошлаб фанларни аъло баҳоларга ўзлаштираётган битирувчи курс курсантлари учун пойтахтимизнинг бешта туманида кунлик иш ўрганиш амалиётини ташкил этиш йўлга қўйилди. Бу ҳам соҳага оид малака ва кўникмалар ҳамда профессионал маҳоратимизни юксалтиришга хизмат қилмоқда. Айни пайтда ҳар бир кафедраси қошида илмий тўгараклар самарали фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда иқтидорли курсант тенгдошларимиз республика фан олимпиадалари ва билимлар белашувида фахрли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. 

Дарҳақиқат, таълим жараёнига татбиқ этилаётган янгиланишлар кадрлар тайёрлаш сифатини оширмоқда. Жорий йилдан Ўқув жараёнини мониторинг қилиш маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Таълим жараёнини кузатиш, ўқув-тарбия сифатига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш, юзага келиш сабаб ва шароитларини ўрганиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда таълим жараёни самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш ушбу марказнинг асосий мақсад вазифалари саналади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, марказ томонидан бугунги кунда ички ишлар органлари учун малакали кадрлар тайёрлашнинг таълим жараёни мониторингини олиб бориш ва сифатини назорат қилиш ишлари самарали йўлга қўйилган. Бунда асосан курсант (тингловчи)лар билимларининг таълим йўналишлари ва мутахассисликлари давлат таълим стандартлари, малака талабларига мувофиқлиги кенг таҳлил қилинмоқда. Умуман ўқув жараёнига татбиқ этилган бу янгилик таълим сифатини юксалтириш, ўқув жараёнини мониторинг қилиш орқали назарий ва амалий машғулотларни замон талаблари даражасида йўлга қўйиш имконини бермоқда.

photo5429474669947366671.jpg

– Машғулот ўтказиладиган ҳар бир хона ва аудиториялар, ўқув заллари рақамли видеокамералар билан тўлиқ таъминланган. Профессор-ўқитувчиларимиз ҳамда тингловчи-курсантларимизнинг машғулотларга қтнашиши, таълим жараёнига ёндашуви тасвирга олиб борилади. Мутахассисларимиз ушбу видеотасвирлар орқали ҳар бир жараённи баҳолаб боришади, – дейди марказ ходими, капитан Беҳзод Исаев.

Академиядаги таълим жараёнини хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Қатор ҳамкор ташкилотлар, шунингдек Хитой, Туркия, Россия сингари мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан биргаликда ўтказилаётган семинар-тренинглар профессор-ўқитувчилар ҳамда курсантлар учун ўзаро тажриба алмашиш, замонавий ютуқларни оммалаштиришга кенг йўл очмоқда.

photo5429474669947366670.jpg

Шу ўринда Илмий-амалий тадқиқотлар маркази фаолияти ҳақида ҳам тўхталсак. Ушбу марказ томонидан республикамиз вилоятларининг криминоген ҳолати илмий жиҳатдан ўрганилиб, жиноятларнинг содир этилиш сабаблари, бунга имкон бераётган шарт-шароитлар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Академия профессор-ўқитувчиларидан тузилган ишчи гуруҳи Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг криминоген ҳолатини туманлар кесимида ўрганиб қайтди. Ўрганишлар натижасида ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида тизимдаги ислоҳотларни давом эттириш, ички ишлар идораларини одамларимизнинг оғирини енгил қиладиган тузилмага айлантириш зарурлигига эътибор қаратди. Соҳадаги янгиланишлар самараси албатта кадрларнинг билим салоҳияти ва касбий кўникмасига боғлиқ. Академиядаги таълим жараёнига татбиқ этилаётган замонавий ёндашувлар ҳам келгусида ана шу мақсадга хизмат қилади.

photo5429474669947366669.jpg  

Жамшид ХОЛОВ, 
ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими,
катта лейтенант

10 061
ЎзА