ЎзА Ўзбек

30.01.2019 18:18 Чоп этиш версияси

Замонавий АКТнинг оила муаммоларини ҳал этишда қандай роли бор?

Тошкентдаги Инҳа университетида "Ахборот-коммуникация технологиялари орқали мустаҳкам оила сари" мавзусида ўтказилган ўқув-семинарда бу ҳақида гапирилди.

Тошкентдаги Инҳа университетида "Ахборот-коммуникация технологиялари орқали мустаҳкам оила сари" мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

"Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Тошкентдаги Инҳа университети билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, масъул вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Семинар "Оила" маркази томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган янги лойиҳа доирасида ташкил этилди. У замонавий АКТ ёрдамида турли оилавий муаммоларга дуч келган инсонларнинг билимларини ошириш ва дунёқарашини кенгайтиришга йўналтирилган. Янги технологияларни қўллаш кўникмалари уларга керакли ахборотни олиш, иш қидириш, шунингдек, ўз кучига ишончни мустаҳкамлаш ва фаол ҳаётий позицияни шакллантиришга ёрдам бериши кутилмоқда.

Мазкур ўқув курсларининг дастлабки синов лойиҳаси ўтган йилнинг март-июль ойларида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида муваффақиятли амалга оширилган эди. Ўшанда оғир ҳаётий вазиятларга тушиб қолган қатор оилалардан иштирок этган қизлар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича бошланғич билимларга эга бўлди, хусусан, улар келгусида ишга жойлашишида ёрдам берувчи компьютер технологиялари бўйича ўқитиш дастурини ўзлаштирди.

Тадбир доирасида мазкур лойиҳага тажрибали мураббийларни жалб қилиш, машғулот ва методик таъминот мавзулари ва дастурларини ишлаб чиқиш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Семинар якунида ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган қизларга сертификатлар топширилди.



Роман Бондарчук, ЎзА
6 567