Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.12.2012 13:56 Чоп этиш версияси

Замонавий технологиялардан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда

Бугун дунёда кечаётган воқеа-ҳодисалар, жамиятдаги янгилик ва ўзгаришлардан хабардор бўлиш, ахборот олиш ва алмашишда компьютер технологиялари, интернетдан фойдаланиш кенг оммалашмоқда.

Таълим муассасаларида тегишли ўқув дастурлари асосида ёшлар ахборот технологиялари бўйича билимларини бойитмоқда. Ўқувчи ва талабалар ўртасида турли кўрик-танлов ва интеллектуал мусобақалар ўтказилмоқда. Давлат ва хўжалик бошқаруви, давлат ҳокимияти органлари ходимларининг компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўникмаси ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, Самарқандда барча шаҳар ва туман ҳокимликлари, бир қатор давлат ва хўжалик бошқарув органлари ходимларининг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим ва кўникмасини оширишга қаратилган махсус ўқув курслари ташкил этилди.

– Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастури асосидаги махсус ўқув машғулотларини Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалининг малакали профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари олиб бормоқда, – дейди мазкур филиал ўқув бўлими бошлиғи Ўткир Саидов. – Дастлабки машғулотлар муассасамизда махсус жиҳозланган аудиторияларда ташкил қилинди. Бу ерда вилоят, Самарқанд шаҳар, Оқдарё ва Самарқанд тумани ҳокимликларининг ходимлари компьютер техникасидан фойдаланиш, ахборот-коммуникация технологиялари, электрон ҳужжат алмашув тизимларини татбиқ қилиш ҳамда ривожлантириш юзасидан билим ва кўникмаларини мустаҳкамлади. Уларга иш фаолиятида кўп фойдаланиладиган компьютер дастурлари ва интернет хизматининг имкониятлари атрофлича тушунтирилди, тизимдаги янгилик ва ўзгаришлар, янги жорий этилаётган ахборот-коммуникация технологиялари тўғрисида маълумотлар берилди.

Ҳудудий малака ошириш курслари Жомбой, Иштихон, Нарпай, Ургут ва Пастдарғом туманларида ҳам ўтказилди. Уларда вилоятдаги барча шаҳар ва туман ҳокимликлари ходимларининг соҳа бўйича малакаси оширилди.

Шу билан бирга вилоят ҳокимлиги ва бир қатор шаҳар, туман ҳокимликлари, корхона ва ташкилотларда раҳбар ҳамда ходимлар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича аттестациядан ўтказилди. Кўплаб бошқарма ва идоралар, ишлаб чиқариш корхоналарининг интернетда ўз веб-саҳифаларни ташкил этиб, фаолиятларига оид ахборот ва янгиликларни мазкур тизим орқали тарқатиши йўлга қўйилди.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов
9 167