ЎзА Ўзбек

24.12.2012 13:45 Чоп этиш версияси

Замонавий технологиялар ва ҳаракат хавфсизлиги

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ахборот-коммуникация технологиялари барча соҳаларга изчил татбиқ этилаётир.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ҳам бу усул яхши самара бераётир. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида йўл-транспорт ҳодисаларининг марказлаштирилган электрон базаси яратилгани бу йўналишда самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мазкур бошқарма томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди. Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларининг такомиллаштирилаётгани фуқаролар манфаатларини муҳофаза қилиш, инсон ҳаётини асрашдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси марказий ахборот диспетчерлик хизмати бошлиғи Алишер Сатторовнинг қайд этишича, жорий йилнинг ўтган ўн бир ойи давомида мамлакатимиз ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 2,9 фоиз камайишига эришилган.

Ҳаракат хавфсизлиги таъминланишида кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказилаётгани яхши самара бермоқда. Йўлларда ҳаракатни янада яхшилаш мақсадида қўшимча йўл белгилари ўрнатилмоқда, йўл чизиқлари янада ёрқинроқ акс эттирилиб, светофорлар замонавийларига алмаштирилмоқда. Жумладан, 2012 йилнинг ўтган даврида қўшимча 8,9 мингдан ортиқ йўл белгилари ўрнатилди.

Соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида тизимга замонавий ахборот технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимида рўйхатга олинган барча автотранспорт воситаларининг ягона электрон базаси яратилди. Бу транспорт воситаларини қидириб топиш, рўйхатдан ўтказишни қисқа муддатларда амалга ошириш имконини бермоқда.

Айни пайтда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича марказлаштирилган ягона электрон база ҳам яратилмоқда. Бу қоидабузарликлар, уларни содир этган ҳайдовчилар, кўрилган чоралар ва ундирилган жарималар тўғрисида маълумотларни жамлаш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини бошқаришнинг компьютерлаштирилган тизимини яратиш” лойиҳаси пойтахт кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш, қайд этиш ва профилактика ишларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Шу мақсадда чорраҳаларга ҳаракатни назорат қилувчи замонавий техник воситалар, детектор, видеокамера, фоторадар, фиксаторлар қўйилмоқда.

Аксарият йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлувчи тезликни меъёридан ошириш ҳолларига қарши курашиш мақсадида 2009 йилдан бошлаб тегишли ҳудудларга фоторадарлар ўрнатилмоқда. Натижада йўлларда оғир оқибатли йўл-транспорт воситалари камайишига эришилаётир.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.


ЎзА, Н.Абдураимова
9 592