ЎзА Ўзбек

09.05.2015 19:50 Чоп этиш версияси

Замон билан ҳамқадам ёшлар

Мамлакатимизда олий таълим муассасалари талабаларининг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича профессионал кўникмаларини ривожлантиришга кўмаклашиш лойиҳаси амалга оширилмоқда

Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида глобаллашув жараёнининг ҳаётимизга тобора тез ва чуқур кириб келаётганининг асосий омили ва сабаби хусусида тўхталаркан, бугунги кунда ҳар қайси давлатнинг тараққиёти ва равнақи нафақат яқин ва узоқ қўшнилар, балки жаҳон миқёсида бошқа минтақа ва ҳудудлар билан чамбарчас боғлиқлиги, бирон мамлакатнинг бу жараёндан четда туриши ижобий натижаларга олиб келмаслигини таъкидлайди.

Дарҳақиқат, глобаллашув шароитида дунё тамаддунига ҳамқадам ривожланиш, шу билан бирга, ўз мустақил фикрига, ҳаётий қарашларига, соғлом дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга, турли маънавий таҳдидларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бера оладиган авлодни тарбиялаш мураккаб вазифа. Мазкур жараёнда ёшларда мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш, миллий интернет сегментини бойитиш, миллий манфаатларимизга мос, ҳар томонлама фойдали сайтларни кўпайтириш, ёш ихтирочиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари талабаларининг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича профессионал кўникмаларини ривожлантиришга кўмаклашиш лойиҳаси ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Лойиҳа доирасида жорий йилнинг 6 июнига қадар ўқув даргоҳларида ахборот технологиялари ва улардан самарали фойдаланиш бўйича талабалар учун семинар-тренинглар ва маҳорат дарслари ўтказилади. Уларда фаол қатнашган ёшлар сентябрь ойида Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ташкил этиладиган медиа оромгоҳга жалб қилинади. Бундан ташқари, шу йилнинг декабрь ойида «Энг яхши талабалар сайти», «Энг яхши талабалар блоги» танловларини уюштириш режалаштирилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси замонавий технологиялар асосида жадал ривожланмоқда. Интернет, мобиль алоқа ва бошқа кўплаб маҳсулотлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётир.

Барча вилоят марказларида шаҳарлараро рақамли станциялар ўрнатилиб, магистрал шаҳарлараро ва вилоятлар ичидаги алоқа линияларида оптик-толали кабель ҳамда рақамли радиорелели линиялар ўтказилган. Янги теле ва радио сигналлар узатиш мосламалари модернизация қилинмоқда. Шаҳар ва туман марказларидаги тармоқларнинг рақамлаштирилиши натижасида аҳоли, корхоналар ва муассасаларга юқори сифатли шаҳарлараро телефон алоқаси ва маълумотлар узатиш хизматлари кўрсатилмоқда. Интернет тармоғидан кенг фойдаланиш оммалашиб бормоқда, миллионлаб абонентлар уяли алоқа компаниялари хизматидан баҳраманд бўлаётир.

Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми сўнгги беш йилда 3,3 баробар, ўтган йилнинг ўзида 24,5 фоизга ўсгани ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамиятимиз ҳаёти ва иқтисодиётимизни модернизация қилишнинг устувор йўналишларидан бирига айланганидан далолатдир.

2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ўтган йили мамлакатимизда барча автомат телефон станцияларини рақамли тизимга ўтказишни якунлаш учун замин яратди. Бу халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш тезлигини сезиларли даражада ошириш имконини берди.

Мамлакатимизда интернетнинг ўтказувчанлик даражаси, уланиш тезлиги ошиб бораётгани боис глобал тармоқдан фойдаланувчилар сони йил сайин кўпаймоқда. Ҳозирги пайтда деярли ҳар учинчи юртдошимиз интернетга кираётир. Бу, бир томондан, халқимизнинг дунёга фаол интеграциялашаётганини англатса, иккинчи томондан, интернетдан фойдаланиш маданиятини юксалтиришни тақозо этаётир.

– Ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим ва кўникмасини ошириш, интернетдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, ахборот маконида ҳар томонлама фойдали, миллий руҳдаги сайтларни кўпайтириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур лойиҳа бугунги замон талаби асосида ташкил этилган муҳим тадбирлардан биридир, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. – Ушбу лойиҳа йигит-қизларнинг ижтимоий-сиёсий дунёқарашини кенгайтиришга, маънавиятини бойитишга, қалбларида ватанпарварлик, юртга садоқат ва дахлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.

– Лойиҳа доирасида таълим муассасамизда тегишли мутахассислар иштирокида ташкил этилган семинар-тренинг давомида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш ҳақида билим ва тушунчамизни бойитдик, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Дурдона Сафарова. – Зеро, интернетдан ҳикмат изласангиз – ҳикмат, иллат қидирсангиз – иллат топасиз. Шу сабаб ҳар биримиз ўзимизда ундан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантиришимиз керак. Аниқ мақсад-муддао билан компьютер олдига ўтирган кишигина вақтини беҳудага совурмайди, ғараз ниятли кучлар тузоғига тушиб қолмайди.

Ҳа, ўз келажагини мустаҳкам пойдевор устига қуришни, жаҳонда доимо ўз ўрнига, сўзига эга бўлишни истаган халқ фарзандларининг маънавияти юксак, руҳи пок, эътиқоди бутун, иродаси бақувват бўлиши учун курашади. Соғлом ғоялар тарғиботи билан ёшлар қалби ва ҳаётига кириб бораётган лойиҳа мамлакатимизда худди шу эзгу мақсад йўлида олиб борилаётган ишларнинг амалий намунасидир.

Дилшод Каримов, ЎзА
10 294