Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.06.2018 02:57 Чоп этиш версияси

Ёшлар фикрини ўрганишга қаратилган янги электрон платформа ишга туширилмоқда

Ёшлар фикрини ўрганишга қаратилган янги электрон платформа ишга туширилмоқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси - ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Телиа компаниясининг телекоммуникацион гуруҳига кирувчи «COSCOM» Масъулияти Чекланган Жамияти янги битим тузди. Битимга биноан ёшларнинг фикр мулоҳазаларини ифодалаши учун мўлжалланган ресурс - U-Репорт тизими яратилади. 

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ҳам иштирок этувчи U-Репорт лойиҳасида СМС ва бошқа технологиялар ёрдамида абонентлардан маълумот ва фикрлар йиғилади. Турли секторлардаги вазиятни яхшилаш учун сўровлар натижалари ёшлар ҳамда қарорларни қабул қилишда иштирок этадиган шахслар орасида тарқатилади. Фикрларни йиғиш учун бериладиган саволлар соғлиқни сақлаш, таълим соҳалари, ёшлар орасидаги ишсизлик ва ёшларга тегишли бошқа масалаларни қамраб олиши мумкин. 

Ёшларнинг фикрларини эшитиш ўта муҳим, чунки ёшлар Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ташкил қилади, - дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. Бугун Ўзбекистондаги сиёсат айнан халқ билан мулоқотни назарда тутади. Бизнинг лойиҳамиз асосида ҳам ёшлар ва давлат ўртасидаги мулоқотни янада кучайтириш мақсади ётади. U-Репорт ўз атрофида мавжуд муаммолар тўғрисида маълумотларни тақдим этиш учун репортёрлар вазифасини бажарадиган ёш кўнгиллилар саъй-ҳаракатларига таянади, бу эса ўзгаришларга хизмат қилади. UCELL билан ҳамкорликда амалга ошираётган ушбу лойиҳамиз бошқа давлатларда ҳам жорий этилган ва яхши натижаларга эришилган.

Бугунги кунда U-Репорт платформаси 5 миллион нафардан ортиқ респондентлари мавжуд бўлган дунёнинг 41 мамлакатларида қўлланилади. Ушбу инновацион методология алоҳида ахборотларнинг сир сақланишини кафолатлайди, лекин айни пайтда умумлаштирилган маълумотлар билан жамоатчилик бемалол танишиш имконига эга бўлади. Олинган ахборот ёши, жинси ва минтақалар бўйича реал вақт тартибида таҳлил этилиб, Ёшлар учун мухим масалаларга ҳукумат эътиборини жалб қилишга ёрдам беради. U-Репорт платформасида рўйхатдан ўтиш ихтиёрий ва бепул асосда амалга оширилади.

ЎзА
10 066