ЎзА Ўзбек

24.04.2015 21:02 Чоп этиш версияси

Янги лойиҳалар – ишлаб чиқаришга

Янги лойиҳалар – ишлаб чиқаришга Нукусда ўтказилган VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркасида қатор илмий-тадқиқот марказлари, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларининг 200 га яқин ишланмалари, инновацион ғоя ва лойиҳалари намойиш этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, инновацион фаолиятни ривожлантириш ва бу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ушбу ярмарканинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Сарвиноз Маткаримова. – 2012-2014 йилларда ўтказилган ярмаркаларда 477 миллион сўмлик шартномалар тузилиб, истиқболли ғоялар, ишланма ва лойиҳалар ишлаб чиқаришга татбиқ этилди. Бунинг натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш сифати ва самарадорлиги ошиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилди.

Фарғона вилояти “Био-сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан тақдим этилган ўсимлик учун макро ва микро элементларга бой биоўғит кўпчиликнинг эътиборини тортди. У экиннинг ўсиш жараёнини 15-20 кунга тезлаштириш баробарида ҳосилдорликни 30-40 фоизга оширади. Шунингдек, ўсимликнинг ноқулай шароитлар, хусусан, сув тақчиллиги, ҳаво ҳароратининг пасайиши, тупроқ таркибининг шўрланиши каби ҳолатларга мослашишига ёрдам беради.

Ярмаркада фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан инновацион ғоялар, ишланма ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича кўплаб шартномалар имзоланди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
10 477