ЎзА Ўзбек

21.01.2018 16:05 Чоп этиш версияси

www.academy.uz сайтига: Илм-фанни қулфлаб қўйманг!

Виртуал олам: танқид ва таҳлил

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг www.academy.uz сайтига кирган фойдаланувчи ундаги сўровномага албатта кўзи тушади. Савол битта: ЎзФАнинг янги веб-сайтига баҳо беринг? Бунга "аъло" ва "яхши", "қониқарли" деб жами 250 киши (сўровномада қатнашганларнинг 79 фоизи) жавоб берган ҳозирча. Атиги 64 кишигина “ёмон” деб баҳолабди. Мен ҳам ўшалар томонида туриб, сайтнинг нега “ёмон”лигини изоҳламоқчиман: 

Бугун интернет замони. У инсонларга оммавий мулоқот эшигини очиб берди. Унинг “болалари” - ижтимоий тармоқлар, электрон почталар ва сайтлар бизни воқеалар, сўнгги хабарлар, турли соҳалардаги янгиликлардан хабардор қилиб бормоқда. Ҳар гал Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг www.academy.uz сайтига кирганимда эса мана шу фикрларга ўзим ишонмай қоламан. Бунинг сабаблари бор...

Илм-фан янгиликларини кузатиб боришни яхши кўраман. Гоҳида янги ихтиролар, кашфиётлар ҳақида хабарлар ҳам ёзиб тураман. Икки кун олдин бир манбага таяниб, олимлар томонидан сайёрамизнинг абадий музликлар билан қопланган ҳудудларида “баҳайбат вируслар”(ўлчами одатдаги вирусларга қараганда катта бўлгани учун улар баҳайбат дейилар экан) топилаётгани ҳақида кичикроқ ахборот ҳам тайёрладим. Хўш нима қилибди, дейсизми? Биласизми, ўша манбада “Баҳайбат вируслар” ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин бўлган нашрга ҳавола берилган экан. Ҳаволани босган заҳотим Европа халқаро тиббиёт журналининг электрон варианти чиқиб келди. Ана шу жойда ғарбликларга жиндай “ҳасад” қилдим. 

Нега?

Ўзбек олимлари олиб бораётган тадқиқотлар, қўлга киритган ютуқлари ҳақида аниқ ва батафсил маълумот олиш илинжида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг расмий веб-сайти ҳисобланмиш www.academy.uzга кирган интернет фойдаланувчисининг умиди чиппакка чиқади. Сайтнинг “янгиликлар” рукнида эса ҳақиқий янгилик йўқ. Бунинг ўрнига ўтказилган тадбирлар, режалаштирилаётган мажлислар вақти ҳақидаги умумий маълумотлар билан танишиб чиқишга мажбур ўқувчи.

Сайтда ЎзРФАнинг нашрлари тақдим этилган саҳифада эса "Табиий бирикмалар кимёси” халқаро журнали, “Гелиотехника” халқаро журнали, Хоразм Маъмун академияси ахборотномаси, Ўзбекистон биология журнали, ЎзРФА маърузалари, ЎзРФАнинг Қорақалпоғистон бўлими ахборотномаси кабиларнинг (улар жами 18 та) “шарпа”си турибди. Яъни илмий журналларнинг муқова сурати, манзилидек оддий маълумотлар берилган холос. Нашрлардан фақат биттаси - Ўзбекистон биология журнали сонлари мундарижалари ва чоп этилган мақолаларнинг қисқача аннотациялари бор Аммо, улар эски сонларники. Сайтда фойдали ресурслар деб, тавсия қилинаётган интернет сайтлари орасида эса негадир илмий-тадқиқот йўналишидаги муассасаларга тегишлиси деярли йўқ. 

Ишни бир-бирига таққослаб, ютуқ ва камчиликларни кўриш мумкин. Узоқдан эмас, энг яқиндан бошлайман. Мисол учун, Қозоғистон Фанлар академиясининг расмий сайти – nauka-nanrk.kz. Унга кириб, қозоқ илмий журналларининг электрон вариантлари билан танишиб чиқиш мумкин. Россия Фанлар академиясининг интернетдаги сайти - www.ras.ruда эса илм-фандаги сўнгги янгиликлар, олимлар билан суҳбатлар мунтазам қўйиб борилади. Умуман олганда, бу сайтга кириб ҳамдўст мамлакатнинг илм-фан соҳаси бўйича кенгроқ маълумот олиш мумкин. АҚШ Миллий Фанлар академиясининг расмий сайти - www.nasonline.org ҳақиқатда мақтовга лойиқ. Унда “Publications” рукнида америкалик олимларнинг илмий мақолалари, тадқиқотлар натижалари мунтазам ҳавола этиб борилади. Жаҳон ОАВлари ҳам ана шу рукнда чоп этилаётган мақолаларга таяниб, дунё ўқувчиларини илм-фан янгиликлари билан таништирмоқда.

Ахир мамлакатимиз олимлар мамлакати. Фақат ўтмишда эмас, ҳозир ҳам юзлаб тадқиқотчиларимиз ўз соҳалари бўйича илмий изланишлар олиб бориб, фаннинг ечилмаган тугунларини ечмоқда. www.academy.uz сайти аввало шулар ҳақида суюнчи олиб, илм-фанни фаол тарғиб қилса яхши бўларди. 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси сайти - www.academy.uzга сиз қандай баҳо берасиз? Бу борада ЎзРФАнинг фикри қандай? Мулоҳазаларингизни кутамиз.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
21 550