ЎзА Ўзбек

02.10.2018 18:21 Чоп этиш версияси

“Вig data” ва “Блокчейн” бизга нима учун керак?

“Вig data” ва “Блокчейн” бизга нима учун керак? Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида “UzGeeks Community” жамоасининг “UzGeeks September 2018 Meetup“ тадбири бўлиб ўтди.

Унда юртимизнинг етакчи ахборот-коммуникация технологиялари компанияларининг мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар қатнашди. Шунингдек, тадбирда қизиқарли маълумотларга бой тақдимотлар намойиш этилди.

Дастлаб “UMS” уяли алоқа компаниясининг Ахборот технологиялари департаменти мониторинг бўлими мутахассиси Жаҳонгир Ёвмуддинов “Вig data” ҳақида тушунча берди. Унинг техник тузилиши, катта компанияларда қўлланилиши иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

Мутахассиснинг фикрича, “Вig data”, яъни “катта маълумот” атамаси йирик ҳажмдаги маълумотлар омборини бошқариш, сақлаш ва анализ қилишга нисбатан айтилади. Бундан ташқари, тақдимотда “Вig data”нинг техник тузилиши ҳақида ҳам керакли маълумотлар айтилди.
Жумладан, “Google” қидирув тизими бир кунда бир петабайтдан ортиқ маълумотларни қайта ишлайди. “Facebook” ижтимоий тармоғига соатига 10 миллиондан ортиқ расм юкласа, “You Tube” видео хизматига ҳар сонияда бир соатдан ортиқ видеолар жойланар экан.

Тадбирда иккинчи тақдимот борасида “Прагматик Солутионс” компанияси етакчи мутахассиси Фаррух Ташбулов томонидан тушунчалар берилди.
Унда ҳозирда энг замонавий ва ҳали тўлиқ ривожланишга, тарқалишга ва татбиқ этилишга улгурмаган “блокчейн” технологияси тарихи, мақсади, имкониятлари, қулайликлари ҳақида кенг маълумот берилди.

Тақдимотда “блокчейн” технологиясининг бошқа атама ва тушунчалари ҳам айтилди. Мутахассис фикрича, “блокчейн” дунёнинг етакчи мамлакатларида шиддат билан ривожланиб келмоқда.

Ўзбекистонда ҳам ушбу технологиядан фойдаланиш оммалашиши кутилмоқда. Агар ушбу технологияни кундалик ҳаётимизда тўғри қўллай олсак, жамиятимиздаги кўплаб муаммоларга замонавий инновацион технологиялар ёрдамида ечим топган бўламиз.

Гулноза Бобоева, ЎзА
7 068