Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2017 15:13 Чоп этиш версияси

Uzmobilе: янги хизмат турлари кўпаймоқда

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Медиа-холл» мажмуасида Uzmobile миллий оператори фаолияти ва келгуси режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари, Uzmobile миллий оператори вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, унинг мустаҳкам инфратузилмасини яратиш ва кенг жорий этиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам мобиль алоқа операторлари тармоқларининг қамров ҳудудларини кенгайтиришга оид вазифалар белгилаб берилган. Шу мақсадда аҳолига сифатли алоқа хизматлари тақдим этиш учун жорий йилда 1 минг 500 базавий станция ўрнатиш кўзда тутилмоқда.

Uzmobile миллий оператори GSM тармоғи 2015 йил 15 апрелда Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятида фаолиятини бошлаган. Ўтган даврда ҳудудларда 3 минг 60 базавий станция ўрнатилган.

– «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида Uzmobile миллий оператори абонентларига интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz), Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz), Ўзбекистон Республикасининг ҳукумат портали (gov.uz) ҳамда давлат органларининг сайтларидан имтиёзли фойдаланиш, яъни бепул трафик асосида кириш имконияти яратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ахборот хизмати ходими Ш.Сатторов. – Очиқ маълумотлар (data.gov.uz), меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш (regulation.gov.uz) порталларидан фойдаланиш ҳам шу тартибда амалга оширилади. Масалан, “Халқ билан мулоқот” хизматининг ишга туширилиши абонентларга саксондан ортиқ давлат идораси веб-сайтларига трафик сарф қилмасдан кириш имконини бермоқда.

Тадбирда Uzmobile миллий операторининг келгуси режалари, телекоммуникация хизматлари бозорида замонавий, рақобатбардош хизмат турларини жорий этиш, инновацион лойиҳалар, акциялар ўтказиш ва махсус бонуслар таклифларини ишлаб чиқиш чора-тадбирлари бўйича маълумотлар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 203






Все о погоде - Pogoda.uz