ЎзА Ўзбек

25.12.2017 22:15 Чоп этиш версияси

«UZ» домен ҳудуди тараққиёти

«UZ» домен ҳудуди маъмурияти интернет тармоғи миллий сегментида доменлар ўсишининг рекорд кўрсаткичларини қайд этди. Ташкилот расмий веб-сайтидан олинган маълумотларга кўра, охирги ойнинг ўзида 15 мингдан ортиқ домен рўйхатдан ўтган.

Бундан бир ой олдин «UZ» домен ҳудудида рўйхатдан ўтган доменларнинг умумий сони 36 мингдан бироз ошган бўлса, эндиликда 51 мингдан ортиқ фаол домен мавжуд. Бу кўрсаткич мамлакатимиз домен ҳудудининг ривожланиш суръати борасидаги энг дадил башоратларни ҳам ортда қолдирди. Илгари Интернет тармоғи миллий сегментидаги доменларнинг йиллик суръати беш мингтадан ошмас эди.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай фаол ўсиш турли омилларга боғлиқ. Доменни рўйхатга олувчилар орасидаги фаол рақобат самарасида домен олиш учун тўланадиган ҳақ пасайгани ана шундай омиллар жумласидандир. «UZ» домен ҳудуди маъмурияти томонидан янги рўйхатга олувчилар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Уларнинг ҳар бири Ўзбекистон домен бозорининг асосий иштирокчилари билан муносиб рақобатлаша олади.

Ўзбекистон АКТ тармоғининг шиддатли тараққиёти ҳам доменлар сони ошишига хизмат қилгани шубҳасиз. Бу ўз навбатида ишга туширилаётган веб-сайт ва сервислар миқдорида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

«UZ» домени 1995 йил 29 апрелда рўйхатдан ўтган бўлиб, мазкур доменга маъмурлик ҳуқуқи 2003 йил март ойида ICANN халқаро ташкилоти томонидан «UZINFOCOM» марказига берилган. Домен ҳудуди фаолияти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган «UZ» доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом асосида тартибга солинади.

Роман Бондарчук, ЎзА
13 363