ЎзА Ўзбек

19.04.2019 18:49 Чоп этиш версияси

Учувчисиз самолётлар даври яқин(ми?)

Учувчисиз самолётлар даври яқин(ми?)

Ҳар бир йўловчи ҳаво кемасини кимдир бошқаришини, йўловчиларга кимдир ичимлик келтиришини, камарларни тақиб олиш ҳақида кимдир огоҳлантириб туришини ҳаво кемасида бўлиши шарт бўлган вазифалар деб тушунади.

Муҳандислар эса яқин келажакда самолётларнинг “ўзи учишини” башорат қилишмоқда. 
Аслида ҳам учувчисиз қурилмалар инсоният ҳаётига кириб келганига анча бўлди. Уларнинг аксарияти ҳарбий ва илмий мақсадларда қўлланилмоқда.

Техник нуқтаи назардан қаралганда, учувчисиз ҳаво лайнерларини амалиётга жорий этиш учун ҳеч бир тўсиқ йўқдек. Уларни жорий этишга асосий тўсиқ – инсон факторидир.

Турли авиакомпанияларда ўтказилган сўровномалар натижасига кўра, йўловчилар самолётларда “тирик” учувчиларни ва хизмат кўрсатувчи ходимларни кўришни истайди.

“UBS Group AG” маълумотларига кўра, айни дамда АҚШ аҳолисининг 63 фоизи учувчиси бўлмаган самолётларда учишни истамайди. 

Учувчисиз самолётларга ўтиш босқичма-босқич амалга оширилади. Дастлабки босқичда учувчилар сони қисқартирилади — икки учувчи ўрнига бир учувчи хизмат кўрсатади. У ҳам фақатгина кўтарилиш ва қўниш жараёнида электрон қурилмалар фаолиятини назорат қилади, холос. 

Иккинчи босқичда транспорт авиациясида учувчилар хизматидан воз кечилади. Ахир ”қути”ларга уларни ким манзилга етказишининг нима қизиғи бор? Қолаверса, ҳалокат бўлган тақдирда ҳам, жавобгарлик камроқ бўлади. Фақат шундан кейингина инсонлар катта ҳаво кемалари ҳам учувчисиз уча олишига кўниккандан сўнг йўловчи авиацияси учувчисиз самолётлар хизматини йўлга қўяди.

Учувчисиз технологияларни жорий этиш натижасида авиакомпаниялар ўз харажатларини сезиларли даражада камайтиради. UBS Group AG экспертлари ҳисоб-китобига кўра, фақатгина “бир учувчи” тизимига ўтишнинг ўзи авиакомпанияларнинг ҳар йилги харажатларини 15 миллиард долларга қисқартиради. Бутунлай “учувчисиз учиш” эса 35 миллиард долларни иқтисод қилади.

Учиш харажатларининг камайиши, бунинг натижасида билетлар нархининг арзонлашуви учувчисиз самолётларнинг ҳаётимизга кириб келишини тезлаштиради.

Тадқиқотларга кўра, айни пайтда йўловчиларнинг 52 фоизи бир учувчилик самолётларда учишни истамайди. Авиабилетларнинг арзонлашуви бу кўрсаткични икки бараварга камайтиради. 

Г.Азимова, ЎзА
2 411