ЎзА Ўзбек

03.05.2020 Чоп этиш версияси

“Toyota” коронавирус даврида махсус автомобил ишлаб чиқарди

“Toyota” коронавирус даврида махсус автомобил ишлаб чиқарди

Япониянинг “Toyota” компанияси маҳсулоти — “Toyota Hiace” русумли минивэн автомашинаси қайта ишланиб, Covid-19 инфекцияси юққан оғир беморларни ташиш учун мослаштирилди. Ушбу махсус транспорт воситаси энди япон тиббиётчиларига кўмаклашади.

Ҳозирча бундай автомобилларни Япония пойтахтида ва икки ён қўшни префектуралар кўчаларида учратиш мумкин. Сўнгги маълумотларга кўра, айни пайт мамлакатда коронавирусга учраганлар 14 000 дан ошди. Инфекциядан ҳалок бўлганлар 455 нафар. Ана шундай мураккаб вазиятда тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнатини бироз бўлса-да енгиллатиш мақсадида “Toyota” жамоаси “Hiace” русумли 11 та мини автобусни янгидан жиҳозлади.

Мазкур машиналарда ҳаво айланиш тизими ўзига хос тарзда ишланган. Салон ичида ифлос ҳавони ушламасдан, мунтазам ташқарига ҳайдаб турадиган вентилятор ўрнатилган. Олд кабина ва орқа қисм махсус тўсин билан ажратилган.

Машиналарнинг биринчи партияси аллақачон Токио касалхоналаридан бирига етказиб берилди. Хабар қилинишича, энди компания шу ва шунга ўхшаш моделларни ишлаб чиқаришда давом этади. Қолаверса, бироз аввалроқ ушбу автозавод юз учун тиббий ҳимоя қалқонлари ишлаб чиқара бошлади. Компанияда ойига тахминан 40 000 та шахсий ҳимоя воситалари тайёрланади.

8 303
ЎзА