ЎзА Ўзбек

11.10.2018 19:54 Чоп этиш версияси

Тошкентда мобиль алоқанинг янги стандарти намойиш этилди

Тошкентда мобиль алоқанинг янги стандарти намойиш этилди Пойтахтимизда ўтказилаётган “MobiCon 2018” халқаро мобиль анжуманида мобиль алоқанинг бешинчи авлод технологияси – 5G намойиш этилди.

“MobiCon 2018” халқаро мобиль анжумани Тошкентда учинчи бор ўтказилмоқда. Жорий йилги анжуманда олти мамлакатдан 20 дан ортиқ мутахассис алоқа ва телекоммуникация соҳасидаги маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этди.

Анжуман доирасида ўтган мунозаралар давомида Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиянинг ахборот технологиялари соҳасидаги йирик компаниялари вакиллари, мобиль операторлари ва машҳур блогерлари ўз ишланмалари, маркетинг лойиҳаларини тақдим этди ҳамда реклама ва интернет тармоғида маҳсулотларни сотиш бўйича тажриба алмашди. Махсус стендларда дунёга машҳур брендларнинг мобиль телефон ва гаджетлари, планшетларининг сўнгги моделлари намойиш этилди.

“MobiCon 2018” дастури доирасида мамлакатимиз учун ҳали янги бўлган 5G технология намойиши бўлиб ўтди. Бешинчи авлод алоқа тармоғини кенгайтириш стандартлари ҳали ишлаб чиқилмаган бўлса-да, бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида кўпгина мобиль алоқа операторлари унинг айрим элементларини синовдан ўтказмоқда.

Янги алоқа технологиялари юқори даражадаги ўтказувчанлик қобилиятига эга бўлиб, бу кенг полосали мобиль алоқадан фойдаланиш даражасини ошириш ва “device to device” (мослама мослама билан) режимини қўллаш имконини беради. Унинг негизида мосламалар ўртасида ўта мустаҳкам кенг миқёсли коммуникация тизимларини яратиш мумкин. Ушбу технологиянинг яна бир афзаллиги мобиль операторлари ва мобиль телефон фойдаланувчилари учун қулай бўлган энергия самарадорлигидадир.

– Анжуманда биз мобиль алоқанинг бешинчи авлоди имкониятлари ҳамда ишончли технологияларни намойиш этдик, – дейди “Beeline Uzbekistan” компаниясининг бош директори Дмитрий Шуков. – Умид қиламанки, бир неча йил ичида Ўзбекистонда 5G тармоқларини кенгайтиришга киришамиз. Уларнинг жорий этилиши мамлакат телекоммуникация тармоғини ривожлантиришга салмоқли таъсир кўрсатади. 5G технологиялари илгари бир-бирига тўғри келмаган мослама ва технологияларни бирлаштириш имконини беради. Голографик қўнғироқлар шулар жумласидандир.

“MobiCon 2018” халқаро мобиль анжумани якунланди, бироқ унинг натижалари маҳаллий IT-индустрияси вакиллари томонидан ҳали узоқ вақт муҳокама қилинади.


Роман Бондарчук, ЎзА
2 697