ЎзА Ўзбек

19.10.2018 21:22 Чоп этиш версияси

Тошкентда инновациялар ҳафталиги бўлиб ўтади

Тошкентда инновациялар ҳафталиги бўлиб ўтади
“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида 22-26 октябрь кунлари илк бор “InnoWeek” инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтади.

Тадбирда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги, маҳаллий ва хорижий етакчи илмий-тадқиқот муассаса ва компаниялари, инвестиция жамғармалари, технологик агентликлар, технопарклар, фан ва техниканинг турли соҳаларида тадқиқот ишлари олиб борувчи бизнес-инкубаторлар вакиллари иштирок этади. 

Унда Австралия, Буюк Британия, Голландия, Италия, Исроил, Россия, Туркия, Эстония, Эрон, Қозоғистон ва АҚШдан келган олимлар ўз илмий ихтиро ва ишланмаларини тақдим қилади. 

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигининг маълумотига кўра, “InnoWeek” Ўзбекистоннинг ҳукумат ва ишбилармон доиралари ва салоҳиятли сармоядорлар мулоқоти учун ўзига хос майдонча яратишга мўлжалланган муҳим тадбирдир. У нафақат Ўзбекистон, балки чет элда ишлаб чиқилган янги технологияларни ҳам намойиш қилишга йўналтирилган. Ҳафталик доирасида бўлиб ўтадиган ғоялар алмашинуви истиқболли инвестиция имкониятларини рўёбга чиқариш имконини беради. 

“InnoWeek” дастури қатор ихтисослаштирилган тадбирларни ўз ичига олган. Биринчи инновацион технологиялар халқаро ярмаркаси, халқаро инновацион ва инвестиция форуми ҳамда робототехника бўйича халқаро ёшлар чемпионати ҳам шулар жумласидандир. Ҳафталик доирасида ижтимоий ва молия соҳаларидаги инновациялар, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт ва давлат бошқарувидаги сўнгги илмий ютуқлар намойиш этилади. 



Роман Бондарчук, ЎзА
19 850