ЎзА Ўзбек

23.03.2018 17:07 Чоп этиш версияси

Тошкентда «IBM Technology Academy» форуми бўлиб ўтди

Тошкентдаги Инҳа университетида «IBM Technology Academy» форуми бўлиб ўтди. Унда хорижий ва маҳаллий АТ-компанияларининг ўнлаб вакиллари иштирок этди. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «IBM» ҳамда «RRC» компаниялари томонидан ташкил этилди. 

Икки кун мобайнида форум иштирокчилари, жумладан, етакчи хорижий компания ходимларига ахборот-технологиялари саноатининг турли йўналиш ва тенденциялари, сўнгги русумдаги компьютер, тармоқ ускуналари ва жамланмасининг имкониятларига бағишланган йигирмадан ортиқ тақдимот ва маърузалар намойиш қилинди. 

Форум доирасида мамлакатимиз мутахассислари энг сўнгги нусхадаги сервер ва компьютер жамланмаларининг ўзига хос хусусиятлари, «Power9» янги архитектурасидаги процессорларнинг хусусиятлари, уларнинг афзалликлари ҳамда аввалги нусхаларидан фарқли жиҳатлари билан танишиш имконига эга бўлди. Шунингдек, "булутли" технология ҳамда телекоммуникация тармоқларини бошқариш соҳасидаги сўнгги техник ишланмалар намойиш этилди. 

Лаборатория шароитида ўтказилган амалий машғулотларда форум иштирокчиларига мустақил равишда энг янги тармоқ ускуналаридан фойдаланган ҳолда ишга лаёқатли корпоратив тармоқни яратиш таклиф этилди. 

Роман Бондарчук, ЎзА мухбири
12 880