ЎзА Ўзбек

23.10.2018 19:26 Чоп этиш версияси

Тошкентда гулчанги тутқичлари ўрнатилди

Тошкентда гулчанги тутқичлари ўрнатилди
Тошкентда ўтказилаётган “InnoWeek” Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида пойтахтимиздаги икки бино томида ўрнатилган иккита замонавий гулчанги тутқичларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Вена тиббиёт институти вакиллари, юртимиздаги шифокорлар, экологлар ва журналистлар иштирок этди. 

Учрашувда таъкидланганидек, бугунги кунда сайёрамизнинг 20 фоиз аҳолиси аллергиядан азият чекади. Шу кунгача аллергияси борлар гулчанги ҳавода аллергик реакциялардан сўнггина пайдо бўлади, деб билишган. Янги ускуна гулчангини мониторинг қилиш ва аллергия мавсуми бошланишини прогноз қилиш имконини беради, бу эса, ўз навбатида, касаллик кучайишини огоҳлантиришга шароит яратади. Шу тариқа пойтахтимиз аҳолиси ўзларининг мавсумий аллергиясини назорат қилиш имконига эга бўладилар. 

Гулчангини мониторинг қилувчи янги станциялар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Вена тиббиёт институти ҳамкорлигида тақдим этилди ва ўрнатилди. Юртимиздаги илк гулчанги тутқичлари Мирзо Улуғбек туманида жойлашган шифокор Мақсудованинг инновацион клиникаси ва пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган Илғор технологиялар маркази биноларида ўрнатилди. 

Уларда йиғиладиган гулчанглари аллергиядан азият чекувчи фуқаролар ўпкасига тушиши мумкин бўлган зарралар тўғрисида тўлиқ маълумот олиш мақсадида тадқиқ этилади. Олинган маълумотлар 2019 йилдан бошлаб Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий сайтида мунтазам жойлаштириб борилади. 

Тутқичлар ёрдамида олинган маълумотлар аллергенларнинг эҳтимолий сабабларини бартараф этиш имконини беради, бу аниқ ташхис қўйиш учун сарф этиладиган вақтни тежабгина қолмай, кераксиз таҳлиллар сонини ҳам камайтиради. 



Роман Бондарчук, ЎзА
6 151