ЎзА Ўзбек

23.04.2015 17:10 Чоп этиш версияси

Тежамкор технологиялар самаралари

Пойтахтимизда сувдан фойдаланишда тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва унинг самаралари ҳақида матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Ш.Ҳамроев ва бошқалар глобал иқлим ўзгаришлари туфайли сув тақчиллиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш учун мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва суғоришнинг тежамкор технологияларини кенг жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Мамлакатимизда сувдан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар йили 5 минг километрдан ортиқ суғориш, 12 минг километр коллектор-дренаж, 50 минг километр ариқ тармоқлари тозаланмоқда. 200 километрдан зиёд каналлар, 530 километр лоток ва коллектор тармоқлари, 400 дан ортиқ гидротехник иншоотлар ва бошқа кўпгина объектлар реконструкция қилинмоқда ва қурилмоқда.

Бунинг самарасида сувни истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш имконияти яратилмоқда. Суғориш тармоқларида сувнинг техник йўқотилиши ва фильтрацияси камайишига эришилмоқда. Жумладан, сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш йўналишидаги ислоҳотлар туфайли фойдаланилаётган сувларнинг умумий миқдори 20 фоизга камайишига эришилди. Бундан 10-15 йил аввал 1 гектар суғориладиган майдонга 18 минг куб метр сув ишлатилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 40 фоизга камайган.

Мамлакатимизда сув тежовчи технологияларнинг бир қанча турлари қўлланилмоқда. Эгатга плёнка тўшаб суғориш, ўқ ариқлар ўрнига эгилувчан қувурлардан фойдаланиш, тупроқ остидан суғориш технологиясини қўллаш, ёмғирлатиб суғориш, томчилатиб суғориш шулар сирасидандир. Мисол учун, томчилатиб суғоришда бошқа усулларга қараганда 20 фоиздан 60 фоизгача сув тежалади.

Томчилатиб суғориш тизимини барпо этиш учун сув насоси, фильтр ҳовуз-тиндиргич, ўғитловчи мослама, магистрал ва тарқатувчи қувурлар, суғориш шланглари ҳамда ёрдамчи қисмлар керак бўлади. Ҳозир бу жиҳоз ва анжомларнинг аксарияти юртимизда ишлаб чиқарилмоқда. Сув насоси “Сувмаш” заводида, фильтр, турли диаметрдаги пластик қувурлар, шланглар, ёрдамчи ва уловчи қисмлар “Шўртангазкимё”, “Махсусполимер”, “Жиззахпластмасса” ва бошқа корхоналарда тайёрланмоқда.

Сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишда Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлмоқда. Унга кўра, 2013-2017 йилларда 25 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими, 45,6 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш усули ҳамда 34 минг гектар майдонда ўқ ариқлар ўрнига кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш усуллари жорий этилиши белгиланган.

– Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этган мулк эгаларига бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш ҳуқуқи берилган, – дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Шарифжон Қўчқоров. – 2014 йили Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга асосан юридик шахслар ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланаётган бўлса, ўша майдон учун томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб беш йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан томчилатиб суғориш ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш мақсадида 2015 йилда томчилатиб, эгатга плёнка тўшаб ҳамда кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш усулларини жорий қилиш бўйича ҳудудий дастур ишлаб чиқилди. Унга киритилган томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш лойиҳаларини амалга оширган ер эгаларига Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг кредит линияси ҳисобидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу сармоялар тижорат банклари орқали йиллик 6 фоизлик имтиёз билан тақдим этилади.

Тадбирда жорий йилда мамлакатимизда 5 минг 340 гектардан зиёд майдонда томчилатиб, 11 минг 293 гектарда эгатга плёнка тўшаб, қарийб 7 минг 630 гектарда кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш усулларини жорий қилиш режалаштирилгани қайд этилди. Журналистларнинг саволларига жавоб берилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
15 958