Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.11.2017 21:35 Чоп этиш версияси

Телекоммуникация технологиялари муҳокама қилинди

Пойтахтимизда Халқаро электр алоқа иттифоқи билан ҳамкорликда ишлаш ва уюшмага аъзо давлатлар учун яратилган шароитларга бағишланган минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқаро электр алоқа иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Нидерландия ва Россиядан олимлар, мутахассислар иштирок этди.

Семинарда таъкидланганидек, бугунги глобаллашув шароитида ахборот технологиялари самарадорлигини оширишнинг янги инновацион услубларини излаш, ахборотлаштириш жараёнига ҳар томонлама кўмаклашиш, ахборот технологияларини жамиятимизнинг барча соҳаларига кенг жорий этиш ҳар бир мамлакат фаолиятининг асосий йўналиши бўлиб қолмоқда. Давлат ва жамоат бошқаруви, бизнес, фуқаролик жамияти коммуникацияларининг самарали ишлаши ушбу соҳаларни ахборотлаштириш даражаси, уларга замонавий ахборот технологияларининг жорий этилганлик даражаси билан чамбарчас боғлиқ.

БМТнинг ихтисослашган муассасаси сифатида Халқаро электр алоқа иттифоқининг асосий фаолияти турли коммуникацияларни такомиллаштириш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида телекоммуникациялар ва ахборот технологиялари соҳасидаги стандартларни ишлаб чиқиш, мамлакатларга зарур техник ёрдам кўрсатиш, янги технологиялар афзалликларини оммалаштиришга кўмаклашиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган.

Минтақавий семинардан кўзланган асосий мақсад юртимиз ва хорижий мутахассислар, иттифоқнинг етакчи экспертлари иштирокида телекоммуникациялар соҳасида тажриба ва фикр алмашиш, ахборот- коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича замонавий йўналишларни муҳокама этишдан иборат.

Семинар иши Халқаро электр алоқа иттифоқи томонидан олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасаларига тақдим этилаётган имкониятлар, уюшманинг Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги фаолияти каби мавзуларни қамраб олган бешта сессия доирасида олиб борилди.

Тадбир доирасида давра суҳбати ташкил этилди. Унда мазкур халқаро ташкилот билан ҳамкорлик қилишда турли мамлакатлар тажрибаси ва минтақада технологияларни ривожлантиришга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.

– Биз кўп йиллардан буён Ўзбекистон билан телекоммуникациялар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қиламиз, – дейди Халқаро электр алоқа иттифоқининг МДҲ мамлакатлари учун минтақавий бўлими дастури координатори Фарид Нахли. – Ушбу семинар телекоммуникация технологияларини янада ривожлантиришда муҳим масалаларни муҳокама қилиш ҳамда соҳадаги йирик лойиҳаларни амалга оширишда турли мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун қатор давлатларнинг турли соҳа мутахассислари ва олимларини тўплаш имконини берди.

Роман Бондарчук, ЎзА
1 789






Все о погоде - Pogoda.uz