ЎзА Ўзбек

31.01.2013 20:42 Чоп этиш версияси

Телекоммуникация тармоқлари ривожида янги босқич

Тошкентда Ўзбекистонда телекоммуникация тармоқларининг ҳолати ва келгуси ривожига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Президентимиз Ислом Каримов ахборот-коммуникация ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги чора-тадбирлар ва лойиҳаларни амалга оширишнинг аҳамияти тўғрисида алоҳида тўхталди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари замонавий технологиялар асосида видеотелефонлар, интернет-телевидение, юқори тезликдаги интернет, HDTV каналларини намойиш қилиш ва бошқа хизматлар кўрсатиш имконини берадиган 2 минг километр узунликдаги кенг полосали оптик толали алоқа тармоғи қурилишини якунига етказиш зарурлигини таъкидлади.

“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси бош директорининг биринчи ўринбосари Қ.Йўлдошевнинг айтишича, компания энг йирик телекоммуникациялар оператори бўлиб, унинг тармоғи бутун Ўзбекистон Республикаси ҳудудини қамраб олади. Телекоммуникация тармоқларини янада ривожлантириш ва замонавий хизмат турларини жорий этиш мақсадида 2012 йилда компания қатор йирик инвестиция дастурларини амалга оширди ва бу йил ушбу йўналишдаги ишларни изчил давом эттиради. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги инвестиция дастурига мувофиқ Бойсун – Денов ва Ургут – Шаҳрисабз йўналишларида 175 километрлик оптик-толали алоқа линиялари қурилди ва фойдаланишга топширилди. Халқаро коммуникация марказларининг сиғимлари 2 баробар, Халқаро пакет коммуникациялар марказининг ўтказиш қуввати эса 4 баробар оширилди. Бу эса халқаро интернет тармоғига уланиш тезлигини 40 Гбит/с.гача ошириш, кенг полосали интернет фойдаланувчилари сонини кўпайтириш, айни вақтда хизматлар учун тарифларни пасайтириш имконини берди.

Янги авлод тармоқлари технологиялари (NGN) асосида аҳолига замонавий телекоммуникация хизматлари кўрсатиш ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш мақсадида маҳаллий телекоммуникация тармоқларида ишлатилаётган коммутация станцияларини модернизациялаш ишлари амалга оширилди. Мобиль алоқа хизматларини ривожлантириш, хусусан, CDMA стандартидаги мобиль тармоқлар орқали кенг полосали маълумотларни узатишни ташкил этиш мақсадида 140 база станциялар ўрнатилди ва 5 коммутация маркази қурилди. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида аҳолини тармоқ билан қамраб олиш даражаси 71 фоизга етди.

Матбуот анжуманида таъкидландики, бу йил ушбу йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Инвестиция дастури тўғрисида"ги қарорига мувофиқ давом эттирилади. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шу жумладан қишлоқ жойларда EVDO технологиясини қўллаш билан CDMA-450 мобиль тармоғини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширила бошланди.

Кенг полосали мультисервис хизматларини (шу жумладан IPTV, видеотелефония, юқори тезликдаги интернет, HDTV каналларини томоша қилиш ва бошқалар) кўрсатиш учун “FTTx-технологиялар асосида кенг полосали оптик-толали тармоқларни кенг ривожлантириш” лойиҳаси доирасида қўшимча 110 минг портни ўрнатиш режалаштирилган. “Ўзбектелеком” АК магистраль тармоқларини Ўзбекистон Республикаси туман марказларигача кенгайтириш ва резервлаш” лойиҳаси доирасида алоқа каналларининг ўтказиш қобилиятини ошириш ва халқаро йўналишларда 100 Гбит/с.гача, вилоят марказларида 40 Гбит/с.гача, туман марказларида 10 Гбит/с.гача резервлаш режалаштирилган.

“Ўзбектелеком” АК яқин истиқболда ўрта махсус таълим тизимидаги 200 касб-ҳунар коллежларини “Электрон таълим” миллий тармоғига улашни режалаштирмоқда.


ЎзА, Меҳрибон Маметова
12 504