ЎзА Ўзбек

10.10.2012 18:44 Чоп этиш версияси

Телекоммуникация тармоғи ривожланмоқда

Мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида аҳолига юқори сифатли алоқа хизмати кўрсатиш ва бу борадаги инфратузилмани янада такомиллаштириш мақсадида телекоммуникация тармоғини ривожлантириш ва модернизация қилиш юзасидан изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш ва янги босқичга кўтариш, телекоммуникация тизимларининг халқаро талабларга мос тарзда ишлашини таъминлаш мақсадида жорий йилда Ургут-Шаҳрисабз оптик толали алоқа линияси қурилиб, ишга туширилди.

– “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан 72,5 километрлик мазкур алоқа тармоғининг ишга туширилиши билан Ургут ва Китоб туманлари тоғли ҳудудларида рақамли алоқа тизими йўлга қўйилди, – дейди компаниянинг телекоммуникация транспорт тармоғи филиали 4-боғламаси бошлиғи Абдуманноб Шарофиддинов. – Натижада ушбу ҳудудларда рақамли телевидениега ўтиш, юқори тезликдаги интернет ҳамда телефон алоқасидан фойдаланиш имкониятлари яратилди. Айни пайтда тўртта телеканал кўрсатувлари замонавий технологиялар асосида узатилмоқда. Таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар компаниямиз интернет хизматидан фойдаланмоқда.

Ушбу алоқа линияси қурилиши туфайли Қашқадарё ва Сурхондарёни Тахтақорача довони орқали юртимизнинг бошқа шаҳарлари билан боғлаш имкониятлари ҳам кенгайди. Бунинг учун Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида янги станциялар қурилиб, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланди. 


ЎзА, Ғ.Ҳасанов
16 079