ЎзА Ўзбек

06.11.2012 14:36 Чоп этиш версияси

Таълим ва ахборот технологиялари

Бугунги кунда ҳаётимизни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Президентимизнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилаётир. Мазкур қарор ижроси юзасидан Фарғона вилоятида ҳам изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айни кунларда вилоят ҳокимлиги, солиқ, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармаларида электрон ҳужжат айланиши тизими жорий этилди. Ўтган йили вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасининг веб-сайти ишга туширилди. Мазкур сайтга доимий равишда вилоятдаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар киритиб борилмоқда. Фарғона шаҳридаги “Ectaco.uz” масъулияти чекланган жамиятида эса китобларнинг электрон шакллари, турли дастурлар тайёрланмоқда.

Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан шаҳар ва туманлардаги барча мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаб-интернатларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш жорий этилмоқда. Бугунги кунда 918 умумтаълим мактабларида 796 замонавий ўқув компьютер синфлари ташкил этилган. Шунингдек, мактаблар “ZiyoNET” жамоат таълим ахборот тармоғига уланган бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ундан самарали фойдаланиши учун барча шароит яратилган.

Фарғона вилояти “Ўқувчининг электрон кундалиги” ва “Ўзбекистонда электрон китоблардан фойдаланиш” каби лойиҳалар бўйича мамлакатимизда тажриба-синов ҳудуди ҳисобланади. Хусусан, Фарғона шаҳридаги 13-умумтаълим мактабининг 5-“а” синфида “Ўқувчининг электрон кундалиги” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур тажриба натижасида ўқувчиларнинг ўзлаштириши 92 фоиздан 100 фоизга кўтарилди. Дастурнинг қулайлиги шундаки, ўқувчининг олган баҳолари, уй вазифаси, агар ўқувчи дарсга келмаса ўтилган дарс мавзуси, берилган топшириқлар ота-онанинг телефон рақамига SМS орқали келиб тушади. Шу тариқа электрон кундалик мактаб ва ота-она ўртасида узвий алоқани таъминлайди.

“Ўзбекистонда электрон китоб (Jet Book)лардан фойдаланиш” лойиҳаси эса Қўқон шаҳридаги 33-умумтаълим мактабида тажриба-синов тариқасида жорий этилди. Мазкур лойиҳа натижалари ўқувчиларнинг китобга бўлган қизиқиши сезиларли даражада ошганини кўрсатди.

Вилоятдаги 648 мактабда веб-сайтлар очилган бўлиб, мактабда амалга оширилаётган ишлар, ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, ўқитувчилар томонидан яратилаётган электрон дарсликлар мазкур веб-сайтларга жойлаштириб борилмоқда. Ўтган йили Фарғона шаҳридаги 40-ихтисослашган умумтаълим мактаби республика миқёсида ўтказилган “Энг яхши мактаб веб-сайти” кўрик-танловида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳам вилоятда ахборот технологияларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг амалий самарасидир.

Яратилаётган ана шундай имкониятлар натижасида ўқувчилар замонавий ахборот технологияларини пухта эгаллаб, бу борада зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.


ЎзА, М.Сулаймонов
13 725