ЎзА Ўзбек

11.02.2013 17:49 Чоп этиш версияси

Таълим сифатини ошириш омили

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Мультимедиали умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида янги таълим ресурсларини яратиш борасида изланишлар олиб борилаётир. Уларнинг макет ва сценарийлари пойтахт мактабларининг интерфаол доскалардан фойдаланиш ва ўқув электрон ресурсларини ишлаб чиқиш малакасига эга бўлган илғор ўқитувчилари томонидан яратилмоқда.

Бугунги кунда тараққиётни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ўзбекистонда таълимни ахборотлаштириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори масофавий ўқитиш тизимини шакллантириш, замонавий таълим ресурслари ва порталлар яратиш ҳамда таълимни янада ахборотлаштиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари асосида электрон таълим ресурсларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва таълим жараёнига жорий этиш орқали умумий ўрта таълим сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Мультимедиали умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази ташкил этилди.

Марказ дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда умумтаълим ресурслари ва порталлари учун видеороликлар ва мультимедиали таълим материалларини ёзиш, монтаж қилиш ва уларга ишлов бериш бўйича мультимедиа студияси фаолият юритмоқда. Тасвирга туширилаётган кўплаб мультимедиа материаллари ва видеороликлар давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилган умумтаълим дастурининг турли фанлари бўйича мукаммал видео-дарслар вазифасини ўтайди. Ҳар бир бундай видео-дарсни яратишда пойтахтимиз умумтаълим мактабларининг тажрибали ва ташаббускор педагоглари иштирок этгани нафақат лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилди, балки барча роликларнинг асоси ва тузилиши педагогик нуқтаи назардан қизиқарли ва тўғри бўлишини таъминлади.

Техник имкониятлари энг янги дастурлар, шу жумладан, илғор график ва видео таҳрир қилиш дастурлари билан ишлаш имконини берадиган янги компьютер жиҳозлари сотиб олинди. Барча материаллар ва тайёр ресурслар марказнинг зарарли дастурлардан уч даражали ҳимоя тизимига эга бўлган вирусга қарши дастурлар билан ҳимояланган веб-серверларида сақланади. Муассасанинг мустаҳкам моддий-техник базаси юқори сифатли ахборот маҳсулотлари яратиш имконини беради. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайти ва ахборот-таълим портали шулар жумласидандир.

Бугунги кунда халқаро миқёсда эътироф этилган MOODLE – ўқитишни бошқариш тизими негизида Халқ таълими вазирлигининг масофавий таълим тизимини яратиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Масофадан ўқитишнинг муҳим мақсадларидан бири нафақат таълим жараёнининг барча иштирокчиларига, шу жумладан, мактаб, лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, педагоглар ва ҳатто ота-оналарга таълим ресурсларидан бевосита ва бепул фойдаланиш, балки электрон таълим ресурслари сифатини яхшилаш бўйича ўз таклифларини билдириш имкониятини яратишдан иборат. Интернет тармоғидаги таълим ресурси саҳифасига кириб, ўқувчи бу ерда ҳар қандай дарсликнинг электрон шаклини топиши, математика фанидан уйга берилган вазифадан бир нечта мисоллар ечиши, кимё фани бўйича лаборатория иши тўғрисида видеоролик томоша қилиши мумкин. Бундан ташқари, марказда халқ таълими тизими ходимлари ва педагоглар учун таълим жараёнида қўлланилаётган янги ахборот-коммуникация технологиялари билан танишиш ва улардан фойдаланишни ўрганиш имконини берувчи тренинг курслари ишлаб чиқилмоқда ва ўтказилмоқда.

– Яқинда биз электрон интерфаол доскалардан фойдаланиш бўйича курс ташкил этдик, – дейди Мультимедиали умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказининг тренингларни ишлаб чиқиш ва ўтказиш бўлими бошлиғи Абдимуталиб Назирбоев. – Курсда пойтахтимиз умумтаълим мактаблари педагоглари ўқитилди. Тренинг давомида улар интерфаол доскалар тузилиши ва имкониятлари тўғрисида асосий назарий билимлар ҳамда улардан дарс давомида фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлди. Бундан ташқари, мактаб ўқитувчилари иштирокида электрон таълим ресурсларини яратиш бўйича машғулотлар ўтказилиб, иштирокчилар муаллифлик электрон ресурслари учун асос бўладиган сценарийлар ёзиш ва макетлар яратишни ўргандилар. Энг яхши ишлар Халқ таълими вазирлигининг ахборот-таълим порталида жойлаштирилади.

Тошкент шаҳар 69-умумтаълим мактаби биология фани ўқитувчиси Моҳиба Пўлатова яратган “Лаборатория иши шаклидаги дарс” номли электрон ресурс энг намунали ишлардан бири бўлди. Мазкур дарс жараёнида ҳар бир ўқувчи микроскоп қурилиши ҳақида тушунчага эга бўлиб, олган билимларини амалда қўллай олади.

Бундан ташқари, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ марказда умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчилари учун чет тилларни ўрганиш бўйича электрон ресурслар ва мультимедиали қўлланмалар ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда умумтаълим мактаблари иккинчи синф ўқувчилари учун электрон инглиз тили алифбоси ишлаб чиқилди.

Мухтасар айтганда, ахборот технологияларининг ривожланиши ва кенг оммалашиши таълим жараёнида янги усул ва услублар, ахборот ва услубий ресурслар тўплаш воситалари бўлган медиатекалар ва кутубхоналар яратишга кўмаклашмоқда.


ЎзА, Роман Бондарчук, Асқар Ёқубов (сурат)
13 779